Экспорт бўйича йиллик режа 10 ойда, муддатидан олдин бажарилди

// 30.11.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (178.98 KB)

2022 йилнинг 10 ойи давомида «Ўзкимёимпекс» МЧЖ томонидан «Ўзкимёсаноат» АЖ бўйича белгиланган йиллик экспорт кўрсаткичи муддатидан олдин бажарилди. Хусусан, жорий йилнинг январь-октабр ойларида амалда умумий қиймати 407,3 млн. долларлик кимё маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, йиллик режа (400,8 млн. доллар) 31-октабр ҳолатига 101,7 фоизга бажарилди. 2021 йилнинг январь-октабр ойларига  нисбатан 155 фоизга ўсиш таъминланди.

Ушбу кўрсаткичларга соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳисобига эришилмоқда. Жумладан, экспорт қилинаётган маҳсулотларни диверсификациялаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Жорий йил давомида 37 турдаги кимё маҳсулотлари экспортга чиқарилди. Шунингдек, 13 турдаги умумий қиймати 18 млн. долларлик янги маҳсулотлар мураккаб минерал ўғитлари (9 хил), полианион целлюлоза, суюқ минерал ўғитлари (2 хил) экспортга чиқарилди. Таъкидлаш жоизки, айрим турдаги маҳсулотлар экспортининг ўсиш суръати ўтган 2021 йилнинг мос даврига нисбатан катта кўрсаткичларни ташкил этди. Булардан суперфосфат экспорти 35 баробарга, суюлтирилган аммиак маҳсулоти экспорти 16 баробарга, автомобиль шинаси экспорти 11 баробарга, суюқ аргон ва аммоний хлориди экспорти 6 баробарга ошган.

«Ўзкимёимпекс» МЧЖ томонидан янги бозорларни ўзлаштириш ҳисобига экспорт географияси кенгайтирилмоқда. Йил бошидан буён жаҳоннинг 36 та давлатига маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2021 йилда  28 тани ташкил қилган. Шу жумладан, Монголия давлатига умумий қиймати 625,8 минг долларлик карбамид ва NPK маҳсулотлари экспортга чиқарилди.

Шу билан бирга, маҳсулот экспортида ташқи бозордаги йирик трейдерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Литва давлатининг «UHB Agro» компанияси билан ҳамкорликда «Самарканд-NPK» МЧЖ ҚКда NPK ўғитларини ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш йўлга қўйилди. Январь-октабр ойларида 19,6 млн. долларлик 41,8 минг тонна NPK ўғитлари экспортга чиқарилди.

Истеъмолчилар ва ташқи бозорнинг талабидан келиб чиқиб биринчи марта «Фарғонаазот» АЖда минерал ўғитларни қоп билан бир қаторда биг-бегларга юклаш амалиёти қўлланилди. Бу эса, ўз навбатида, самарали натижа берди.

Шунингдек, жаҳон бозоридаги минерал ўғитлар нархи динамикаси доимий равишда таҳлил қилиниб, маҳсулотларни юқори рентабелли нархларда сотишга эришилди. Масалан, 2021 йилнинг январь-октабр ойларида 198,5 млн. долларлик  871,5 минг тонна минерал ўғитлари экспортга чиқарилган бўлса, жорий йилда  753 минг тонна минерал ўғитлари 329,4 млн. долларга экспортга чиқарилди, яъни ўтган йилга нисбатан экспортга чиқарилган ҳар бир тонна минерал ўғитдан 209 доллар кўп фойда кўрилди.

Қолаверса, Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятлар оқибатида вужудга келган геосиёсий ҳолатнинг «Ўзкимёсаноат» АЖ ташқи иқтисодий фаолиятига салбий таъсирини камайтириш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди. 2022 йилда Украина давлатига экспорти мўлжалланган умумий қиймати 127,2 млн. 7,6 минг тонна хлорат натрийси экспорт қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 13,8 минг тоннани ташкил этди (ўсиш суръати —  182 фоиз). Жорий йилда 2,98 млн. долларлик 111,5 минг дона автомобиль шиналари экспорт қилинди. Йил якуни билан хлорат натрийси экспорт кўрсаткичини 14,8 минг тоннага, автомобиль шинаси бўйича кўрсаткични 122 минг донага етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, кўрилган чоралар, ўз навбатида, Россия давлатига амалга оширилаётган умумий экспорт кўрсаткичига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
2021 йил январь-октабр ойларида Россия давлатига умумий қиймати 4,5 млн. долларлик 7 турдаги кимё маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2022 йил мос даврида
12 турдаги умумий қиймати 15 млн. доллардан ортиқ кимё маҳсулотлари экспорт қилинди. (ўсиш суръати — 333 фоиз).  

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, маҳсулотларни экспорт қилишдахорижий мамлакатларда очилган савдо уйларидан унумли фойдаланилмоқда. Жорий йилда савдо уйлари орқали 33,6 млн.  долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилди.

Ҳозирда ички захира ва имкониятларни қайта кўриб чиқиб, қўшимча равишда 25 млн. долларлик кимё маҳсулотларини экспортга чиқариш режалаштирилмоқда. Ушбу қўшимча экспорт кўрсаткичини ҳисобга олиб, 2022 йил якуни билан йиллик экспорт кўрсаткичини 450 млн. долларга етказиш ва белгиланган режани 112,3 фоизга бажариш, 2021 йилга нисбатан ўсишни 117,8 фоизга таъминлаш кутилмоқда.