Журналистлар “Tashkent Polymer Syntez” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишдилар

// 04.06.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (511.59 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ташкилот тизимидаги янги корхоналардан бири “Tashkent Polymer Syntez” масъулияти чекланган жамияти фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни ҳамда маҳсулотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Юқори Чирчиқ туманига пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур аввалида оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирокида “Tashkent Polymer Syntez” масъулияти чекланган жамияти фаолияти юзасидан тақдимот ўтказилди. Тақдимотдан сўнг журналистлар корхона ва унинг қошида ташкил этилган лаборатория фаолияти билан яқиндан танишдилар.

“Tashkent Polymer Sintez” МЧЖ – МДҲ мамлакатлари ичида КМЦ ва ПАЦ ишлаб чиқарувчи энг янги, замонавий, юқори ишлаб чиқариш технологияларини қўлловчи ва жадал ривожланаётган корхона ҳисобланади.

Корхона йилига 5000 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлиб, бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида пешқадамга айланган. Корхона Тошкент вилоятининг Юқори-Чирчиқ туманида жойлашган бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи икки босқичини амалга ошириш учун 6 млн. АҚШ доллари миқдорида сармоя сарфланган. Шунингдек, корхона 2022 йилда техник маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини икки хисса оширишни ва келажакда КМЦ ва ПАЦ маҳсулотларининг нефть ва газ, қурилиш, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳаларида жуда харидоргир бўлган соф маркаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режа қилган. Ушбу режаларни амалга ошириб, МДҲ мамлакатлари орасида бу соҳада яққол пешқадамга айланиш корхона жамоасининг асосий мақсадидир.

Ҳозирги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган реагентлар мамлакатимизга шу кунгача импорт қилинган маҳсулотларнинг ўрнини самарали равишда босиб келмоқда. 2021 йил бошидан эса Россия ва Қозоғистонга ўз маҳсулотини экспорт қилишни бошлади. Айтиш жоизки, корхона маҳсулотлари ўзининг сифати ва нарх рақобатбардошлилиги билан қўшни мамлакатлар бозорида харидоргир.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар КМЦ бу Карбоксиметилцеллюлоза ва ПАЦ полианионик целлюлозадир. Бу маҳсулотлар сувда эрувчан целлюлоза эфирлари гуруҳига мансуб бўлиб, пахта целлюлозаси асосида чуқур кимёвий синтез қилиш йўли билан олинади. Пахта целлюлозаси ўз навбатида бизнинг мамлакатимизда пахта етиштириш қолдиқлари – пахта  линтидан олинади. Бугунги кунда корхона КМЦ ва ПАЦнинг 7 турдаги техник маркаларини ишлаб чиқармоқда, бу маҳсулотлар шу соҳа истеъмолчиларининг аксарият талабини қондиришга қодир. Жумладан, маҳсулот қуйидаги соҳаларда фойдаланилади:

  • Нефть ва газ конларини бурғулашда, сув фильтрациясини камайтирувчи ҳамда бурғулаш қоришмасининг реологик хусусиятларининг модификатори сифатида;
  • Синтетик кир ювиш кукнлари ишлаб чиқаришда, ре-адсорбент сифатида;
  • Сувда эрувчан буёқлар ишлаб чиқаришда;
  • Қурилиш соҳасида елимловчи асос сифатида ҳамда гулқоғоз ёпиштириш учун, жумладан ҳозирда оммалашган “суюқ гулқоғозлар” ишлаб чикаришда.

Корхонанинг замонавий лабораторияси эса илм-фан ютуқларининг сўнгги технологияларидан фойдаланиш, замонавий талаблар асосида пухта таҳлиллар ўтказиш имкониятига эга. Лабораторияда энг замонавий API (Америка нефть институти) ҳамда ISO 13500-2008 стандартлари асосида таҳлиллар ўтказилмоқда.

Пресс-тур сўнггида журнлаистлар лаборатория фаолияти билан яқиндан танишдилар ва ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати