Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида ўтказилаётган “China International Import Expo” кўргазмасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ўз экспортбоп маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
“China International Import Expo” кўргазмасида Ўзбекистон делегациясининг павильони 256 квадрат метрлик жойни эгаллаган бўлиб, унда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, узоқ тарихга эга ҳунармандчилик намуналари ўрин олган.
Кўргазмада дунёнинг 255 мамлакати ва 26 халқаро ташкилоти вакиллари иштирок этаётганлиги унинг мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишдаги аҳамияти муҳим эканлигини белгилайди.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти вакилларининг кўргазмадаги иштироки илк кунлардан ижобий натижалари бермоқда. Жумладан, “Ўзкимёсаноат” АЖ CITIC Construction Co.LTD Yang Jianqiang, Chine Harbin Zhulu Trading Co.LTD, Liu Wencheng ва Xinjiang Asia-Europe каби компаниялар раҳбарияти билан калийли ўғитлар ва кимёвий маҳсулотларни Хитой бозорига етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борди. Уларда CITIC Construction Co.LTD компанияси “Ўзкимёсаноат“ АЖ таклифларига қизиқиш билдирган. Хусусан, мазкур компания билан меморандум имзолашга тайёргарлик кўриш, шунингдек, маҳсулот етказиб беришнинг иқтисодий фойдали транспорт - логистика шароитларини аниқлаш бўйича келишувга эришилган. Chine Harbin Zhulu Trading Co.LTD компанияси билан 20 минг тонна калий хлорид етказиб бериш бўйича тижорий таклиф тайёрлашга келишиб олинган. Xinjiang Asia - Europe International Expo Co.LTD компанияси эса Ўзбекистон томонига Хитой ҳудудида савдо уйи ёки ваколатхона очиш таклифини илгари сурган.
Кўргазмада шунингдек, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси, “Ҳунарманд”, “Ўзелтехсаноат”, “Ўзчармсаноат” ва бошқа қатор уюшмалар, “Ўздонмаҳсулот” ва “Ўзбекнефтегаз” жамиятлари ҳамда ўндан зиёд тармоқ компаниялар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашмоқда.
Кўргазма 10 ноябрга қадар давом этади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати