Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби Рустамбек Эшбеков қуйидагиларни маълум қилди.
Ҳисобот даврида кимё саноати корхоналарида коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш, ўғрилик, талон-тарож қилиш, корхона ва давлат мулкларини ўзлаштириш ва таъмагирлик ҳолатларига чек қўйиш мақсадида жами 31 та хизмат суриштируви ўтказилди, натижалари бўйича тегишли хулосалар тайёрланди ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Натижада 23 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди, 17 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 12 нафар масъул ходимларга ҳайфсан берилди, 16 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарима ундирилди, 9 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ тартибот органларига юборилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида жами бўлиб 1,2 млрд.сўм товар моддий бойликлари камомади, 17,1 млрд.сўмлик тайёр маҳсулотга қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган. Ҳисобот даврида тизим корхоналарида харидлар жараёнининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларни “Давлат харидлари тўғрисида” Қонуни талабларига мувофиқ ўтказилишини таъминланиши натижасида жами бўлиб 3,1 млрд.сўмлик пул маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олиниб, иқтисод қилинди.
Шу билан бирга, ҳисобот даврида “Фарғонаазот” ва “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамиятларида реакцион қувурларнинг талон-тарож қилиниши ҳамда тайёр маҳсулотга қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланиб, корхоналарнинг 14 нафар масъул мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ДХХ томонидан жиноят иши қўзғатилиб қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” талабларига мувофиқ хизмат вазифасига кўра коррупциявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори ва ўрта бўлган 2870 нафар ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги декларациялар тўлдирилди.
Ҳисобот даврида жами 51 та ҳолат бўйича манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, ҳужжатлаштирилган бўлса, 2021 йилнинг шу даврида 12 та ҳолат аниқланган. Жумладан, “Максам-Чирчиқ” АЖда 18 та, “Навоийазот” АЖда 21 та, “Фарғонаазот” АЖда 6 та, “Деҳқонобод калий заводи” АЖда 3 та ва “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖда 1 та ҳолатда ўзаро яқин қариндошлар бевосита қўл остида ёки раҳбарлигида ишлаши натижасида вужудга келган манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланди. Ҳозирда ушбу ходимларни корхонанинг бошқа цехларига ва лавозимларига ўтказиш орқали манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Тизим корхоналарида жами 584,3 млн. сўмлик товар моддий бойликлари талон-тарож қилинишининг олди олинди ва айбдор шахсларга ички тартиб-қоидалар асосида интизомий чоралар кўрилди.
Жорий йилда жамият ва тизим корхоналари ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида комплаенс хизмати ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида жами 186 та тушунтириш-профилактик тадбирлари амалга оширилган.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2022 йил 1-ярим йиллиги давомида оммавий ахборот воситалари ва расмий веб-сайтлари орқали соҳага оид жами 167 та материаллар жойлаштирилган.
“Ўзкимёсаноат” АЖ коррупцияга қарши муросасиз курашни тизимли ва мунтазам равишда давом эттиради. Шу билан бирга, Жамият доим очиқлик тарафдори эканлиги ҳамда сизда тизимдаги коррупцион ҳолатлар юзасидан маълумот ёки мурожаатлар бўлса (78) 140-74-48 ишонч телефонларига қўнғироқ қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.