“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида ёшлар билан учрашув ўтказилди

// 22.01.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (214.95 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан Бошқарув раисининг тизимдаги корхона ва ташкилотларнинг ёшлар етакчилари билан учрашуви ташкил этилди. Видеоконференция орқали ўтказилган учрашувда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотлар ёшлар етакчилари, корхона раҳбар-ходимлари ва фаол ёшлар иштирок этди.

Учрашувда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама қилинди ва ёшлар етакчиларининг таклифлари тингланди. Мамлакатимиз кимё саноати ва тизимдаги корхоналар фаолиятини янада ривожлантириш борасида ёшлар етакчилари томонидан билдирилган таклифлар қўллаб-қувватланди ва корхона раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, ёшлар ўртасида кимё фанига қизиқишни янада ривожлантириш ва кимё саноатида амалга оширилаётган ислоҳатларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ёшлар етакчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида малака оширишлари бўйича тавсиялар берилди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизимдаги корхона-ташкилотларда фаолият юритаётган ёшларнинг мурожаатларини қабул қилиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида бот ташкил этилди. Ёшлар ўз таклиф ва муаммоларини @uzkimyosanoat_yoshlari_bot манзили орқали ёзиб қолдиришлари мумкин.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати