“Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловининг Республика босқичи ўтказилди

// 24.05.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (773.75 KB)

Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги ва “Кимёгарлар куни” касб байрами муносабати билан “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Мазкур танловни ўтказишдан мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, ўз касбига нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, ёш ходимлар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш, ёшларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга татбиқ этиш орқали янги иш ўринларини яратиш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларидаги ёшларнинг фаоллигини оширишдан иборат.

Танлов якунига кўра, 1-ўринни “Деҳқонобод калий  заводи” АЖ ходими Аҳмедов Аслбек, 2-ўринни “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ХК ходими Бунёд Мирсоатов ва 3-ўринни Тошкент кимё-технология институти ходими Жалолиддин Эшбобаев эгаллади.

Ғолиб ва фаол иштирокчилар “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати
 


Сўнгги янгилаш санаси: 27.05.2025