Коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш масалалари муҳокама этилди

// 08.06.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (149.98 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида ташкилот тизимида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбар-ходимлари, тизимдаги ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари, Комплаенс хизмати ходимлари ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбир давомида “Йўл харитаси” асосида “Ўзкимёсаноат” АЖнинг электрон маълумотлар базасида шакллантирилган ахборотлардан яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, вазирлик ва идоралар ўртасида маълумот алмашиш тизимини йўлга қўйиш ва такомиллаштириш орқали бюджетга қўшимча даромадларни жалб қилиш мақсадида Давлат солиқ қўмитасининг электрон маълумотлар базаси билан интеграция қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганлиги ва тасдиқланганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖда коррупцияга қарши курашиш бўйича 14 та ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлигига ҳамда комплаенс назорат тизими босқичма-босқич кимё саноати корхоналарига тадбиқ этилаётганлигига тўхталиб ўтилди.

Тизим корхоналарида “инсон омили”ни чеклаш ва корупциянинг олдини олиш мақсадида тўғридан-тўғри сотиб олиш амалиётига чек қўйилиб, харидлар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида амалга оширилмоқда.

Йиғилиш кун тартибидаги масаланинг долзарблигини инобатга олган ҳолда тадбирда хуфиёна иқтисодиёт тушунчаси, унинг салбий жиҳатлари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Молиявий таҳлил ва аудит” кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Б.Ҳасанов ва “Иқтисодий хавфсизлик” кафедраси доценти Ж.Тўхтабаевлар маълумот бердилар.

Бундан ташқари, яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг самарали йўллари сифатида фиксал ва нофиксал чора-тадбирлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сон  Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида тўхталиб ўтилди.

Маърузалар якунида ўзаро савол-жавоблар ўтказилди. Йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан маърузачиларга мурожаат қилиб, барча саволларига жавоб олдилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати