Шу йил 10-12 июнь кунлари “Ўзэкспомарказ”да ўтказилган геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати ҳамда ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркаси 2015 йилда ишлаб чиқариш дастури доирасида “Ўзкимёсаноат” корхоналари маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 1,7 млрд сўмлик маҳсулотларини сотиб олиш бўйича шартномалар тузилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 декабрдаги “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ўтказилди.
“Ўзкимёсаноат” ДАК стендларида компания корхоналарининг ички ва ташқи бозорларда сотувга мўлжалланган маҳсулот, корхоналар томонидан ўзлаштирилган маҳсулотларнинг янги турлари ҳамда ўзлаштиришга режалаштирилган маҳсулотлар намойиш этилди. Шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилар диққатига “Ўзкимёсаноат” компанияси корхоналари муҳтож бўлган маҳсулотлар турлари ўзлаштириш учун таклиф этилган.
Тармоқ саноат ярмаркасининг ёпилиш маросимида “Ўзкимёсаноат” компанияси “Маҳсулотни экспортга олиб чиқишда эришган юксак кўрсатгичлар учун” номли диплом билан тақдирланди.