«Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Навоийазот» АЖларнинг РАСМИЙ БАЁНОТИ

// 04.11.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (198.12 KB)

Бугун ОАВ ва ижтимоий тармоқларда «Навоийазот» АЖ ҳудудида итларнинг отиб кетилиши бўйича маълумотлар эълон қилинди. Ҳолат юзасидан «Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Навоийазот» АЖлар қуйидагиларни маълум қилади.

«Навоийазот» АЖ қатъий тартиб асосида фаолият юритувчи стратегик аҳамиятга эга бўлган ишлаб чиқариш объекти ҳисобланади. Шу сабабдан, ишлаб чиқариш ҳудудида қаровсиз ҳайвонларнинг яшаши ёки бўлиши тақиқланган. Уларнинг ташкилотдаги ҳаракатини чеклаш, ҳудудда тартиб ўрнатиш мақсадида корхона талабномасига биноан шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимларининг махсус гуруҳи чақиртирилиб, ҳайвонларнинг махсус сақлаш жойларига олиб кетилиши амалга оширилади. Аммо, бу ҳаракатлар уларнинг саломатлигига зарар етказиши ёки ўлдирилишига йўл қўйилмаган тарзда бажарилишига қатъий риоя этилади. Бу жараёнлар Алоҳида қўриқлаш баталъони, Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўлими ҳамда Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш цехи вакиллари томонидан қатъий назоратга олинади.

Хабарларда кўрсатилган сана, яъни 3 ноябрь куни «Навоийазот» акциядорлик жамиятига қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш учун махсус гуруҳ чақиртирилмаган, видеолавҳадаги майдон «Навоийазот» АЖдан ташқаридаги ҳудуд бўлиб, унга шахсий автотранспорт воситалари кириб чиқиши тақиқланмаган. Лавҳадаги автомобиль ҳам корхонага тегишли эмас. Ҳозирда кузатув камерасидаги тасвирларда акс этган ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда.

«Навоийазот» АЖ ҳайвонларга озор берилиши ёки уларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлинишини қоралайди. Бундай ҳолатларга корхона томонидан асло йўл қўйилмайди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати