“Ўзкимёимпэкс” МЧЖ мамлакатимиз кимё саноати экспорт салоҳиятини оширишга ўз ҳиссасини қўшмокда

// 14.10.2019 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (58.02 KB)

“Ўзкимёимпэкс” МЧЖ масъул ходимлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи мамлакатимиз кимё саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 августдаги “Кимё саноати ташкилотларининг экспорт-импорт фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3246-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Озарбайжон Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтди.

Боку шаҳрида “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарининг маҳсулотларини Озарбайжон Республикасига етказиб бериш соҳасида икки томонлама алоқаларни ўрнатиш мақсадида Сумгайит технологиялар парки раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, Озарбайжондаги фаолияти кимёвий ўғитлар билан боғлиқ бўлган мижозлар билан ҳам музокаралар олиб борилди.

“Ўзкимёимпэкс” МЧЖнинг асосий вазифаларидан бири чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, кимё саноати маҳсулотига жаҳон конъюнктураси тенденцияларини ўрганиш ва шу асосда маҳсулот сотиладиган истиқболли хорижий бозорларни аниқлаш ва экспортга маҳсулот етказиб бериш географиясини кенгайтириш шунингдек, маҳаллий корхоналар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, шу жумладан замонавий логистика тизимини кенг татбиқ этиш, чет элларда савдо уйлари ва ваколатхоналар ташкил этиш, уларга консигнация ва бошқа шакллардаги шартномалар асосида товарлар жўнатиб туриш йўли билан шундай маҳсулотларни хориж бозорларида сотишни кенгайтириш ҳисобланади.

Сафар натижаларига кўра умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган экспорт шартномалари имзоланди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати