Электр энергия таъминотидаги узилиш сабабли фаолияти вақтинча тўхтаган “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхоналар фаолияти тикланди

// 05 6 2021 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (107.81 KB)

Жорий йилнинг 4 июнь куни соат 22:16да “Талимаржон” ИЭС энергоблоки авариявий ҳолатда тўхтаганлиги сабабли “Ўзкимёсаноат” АЖга қарашли “Деҳқонобод калий заводи” АЖ объектларида электр узилиши кузатилди. Натижада жамиятнинг тоғ-кон ва қайта ишлаш мажмуаларининг асосий ишлаб чиқариш қурилмалари иш фаолияти 5 июнь соат 00:24гача тўхтаб қолди. Бундан ташқари жамиятни сув билан таъминлайдиган сув насослари ҳам тўлиқ тўхтади. Корхона мутахасисилари томонидан юзага келган ҳолат бартараф этилиши натижасида 5 июнь соат 05:43да сув таъминот қайта тикланди ҳамда корхона ўз иш фаолиятини бошлади.

Юз берган тўхталишлар “Деҳқонобод калий заводи” АЖнинг калийли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайишига ва корхонани қайта ишга тушириш вақтида маҳсулот ишлаб чиқаришсиз қўшимча сарф-ҳаражатлар бўлишига олиб келди.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнь куни “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖ Фарғона магистрал электр тармоқлари филиалига қарашли бўлган “Сокин” подстанциясида авария ҳолатини юз бериши натижасида ушбу электр узатиш ҳаво линияларидан электр энергияси билан таъминланувчи “Фарғонаазот” АЖнинг Аммиак-3, Азот кислотаси, Аммиакли селитра, Хлор магнийли дефолиант, Карбамид ишлаб чиқариш цехларининг бутунлай тўхтаб қолиш холатлари, Ҳаво ажратиш, Сув таъминоти, Буғ-қозон цехлари технологик жараёнларида эса носозлик ҳолатлари  юзага келди.

2-июнь куни соат 10:00да Хлор магнийли дефолиант цехида, 3-июнь куни соат 14:30да Азот кислотаси цехида, 4-июнь куни соат 01:45да Аммиак-3 цехида ва шу куни соат 6:00да Карбамид ишлаб чиқариш цехида технологик жараёнлар тикланиб маҳсулот ишлаб чиқарилиши бошланди.

“Фарғонаазот” АЖ масъул мутахассислари саъй-ҳаракатлари натижасида 5-июнь куни соат 13:10да корхона фаолияти тўлиқ тикланди ҳамда ишлаб чиқариш цехлари тўла қувватларда ишлай бошлади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати