“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг расмий баёноти

// 25.02.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (52.68 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси эълон қилинган “Давлат корхоналари ҳам “обнал фирма”лар билан “сохта” битим тузган” номли мақоласида келтирилган фактлар атрофлича ўрганиб чиқилиб, қуйидагиларни маълум қилади.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизим корхоналарида ишлаб чиқариш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида очиқлик, ошкоралик, рақобат, мутаносиблиги тамойиллари ва коррупцияга йўл қўймаслик асосида давлат харидлари соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда шартномалар тузилиши йўлга қўйилган бўлиб, Давлат солиқ қўмитаси томонидан шубҳали деб топилган контрагентлар билан тузилган шартномалар “Фарғонаазот” ва “Навоийазот” акциядорлик жамиятлари томонидан Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси савдо платформалари орқали расмийлаштирилган. Жумладан, “Фарғонаазот” АЖ 1 960,8 млн. сўмдан 1 823,9 млн. сўм ва “Навоийазот” АЖ 237,3 млн. сўм миқдордаги шартномалар Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси орқали тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 15-моддасида “Солиқ органлари солиқ тўловчиларга контрагентларнинг солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ахборотдан, шунингдек, бошқа ахборотдан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланиш имкониятини беради” деб белгиланган. Ушбу нормага асосан “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари билан битим тузган корхона-ташкилотлар битим тузилган даврда Давлат Солиқ қўмитаси базасидан олинган маълумотларда “ҚҚС” тўловчиси бўлганлиги учун, бу корхоналар томонидан берилган ҳисоб-варақаларида кўрсатилган ҚҚС суммалари ўрнатилган тартибда ҳисобга олинган.

Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари йирик солиқ тўловчилари бўлганлиги, ҚҚС солиқ ҳисоботини ҳар ойда топширганлиги, мазкур битимлар бўйича берилган ҳисоб-китоб варақалари ўрнатилган тартибда my.soliq.uz платформасидан электрон кўринишда олиб ҳисоботга илова қилган. Бироқ бизга маълум бўлмаган сабабларга кўра, 2020 йил якунида корхона-ташкилотларнинг ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар базадан олиб ташланган. Шунга қарамасдан, ушбу корхона-ташкилотлар билан битимлар тузилган даврларда маҳсулот ёки кўрсатилган хизматлар учун ҚҚС тўланган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ буйруғи асосида яширин иқтисодиётни қисқартириш ва бизнес учун тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида “Жамият томонидан тузилаётган шартномаларни келишиш, имзолаш ва ижро этиш сиёсати” тўғрисидаги меъёрий ҳужжат талаблари асосида шартнома ташаббускори томонидан контрагентларни ўрганиш орқали (контрагентнинг ишончлилиги, молиявий барқарорлиги, Давлат амалдорлари билан алоқадорлиги, манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини текшириш ва ҳ.к.) бўлиши мумкин бўлган хавфларни камайтириш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга очиқлик, шаффофлик, ошкоралик, рақобат, мутаносиблиги тамойиллари ва коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун  талабларига қатъий риоя қилган ҳолда шартномалар тузилиши йўлга қўйилган. Бу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналарида комплаенс назорат тизими жорий этилди. Натижада коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларни минимум даражага туширишга хизмат қилмоқда.

Ҳозирда тизим корхоналари томонидан сотиб олинаётган товар моддий бойликларини тизим корхоналарида “инсон омили”ни чеклаш ва корупцияни олдини олиш мақсадида тўғридан-тўғри сотиб олиш амалиётига чек қуйилиб “Давлат харидлари  тўғрисида”ги қонун талаблари асосида харидлар амалга ошириш мақсадида “Корпоратив банк клиент” дастури  жорий қилинмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ўз фаолиятини янада самарали ташкил этиш борасида Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси билан ҳамкорлигини давом эттиради ҳамда қонун бузилиш ҳолатларини олдини олишдаги кўрсатаётган кўмаги учун миннатдорчилик билдиради. Шу ўринда ташкилот томонидан тизим корхоналари фаолиятини атрофлича ўрганиш ишлари давом этилаётганлиги, тақдим этилган маълумотлар дастлабки текширув натижалари эканлигини, Давлат солиқ қўмитаси томонидан эътироф этилаётган яъни шубҳали деб топилган контрагентлар билан тузилган шартномалар аниқланган тақдирда масъул ходимларга тегишли чоралар кўрилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Ўзкимёсаноат” АЖ ўз навбатида, коррупцияга қарши талаблар ва ахлоқий меъёрларни ҳисобга олган ҳолда ҳар доим ўз зиммасига олган мажбуриятларини виждонан бажаради, қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилади, тенг рақобат тамойилларига амал қилади ва ҳалоллик, очиқлик ва виждонлиликнинг корпоратив маданиятини шакллантиришга катта эътибор беради.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати