ШҲТ саммити доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда хитойнинг “CC7” компанияси ўртасида умумий қиймати 8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган кeлишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтди

// 15 September 2022 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (386.16 KB)

Самарқанд шаҳри мезбонлик қилаётган ШҲТ саммити доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда Хитойнинг “China National Chemical Engineering & Construction Corporation Seven, LTD” компанияси ўртасида умумий қиймати 8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган йирик инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.  Келишувда кўзда тутилган лойиҳалар биологик парчаланадиган полимерлар, аммиак ва карбамид каби жаҳон бозорида талаб юқори бўлган кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, МТО технологияси асосида метанолдан олефин ва МТП технологияси асосида полипропиленни юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этишдан иборат.

Учрашув якунлари бўйича томонлар лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнини зудлик билан бошлаш учун ишчи гуруҳ шакллантириш, шу билан бирга, Хитой компанияси томонидан асосий вазифаларни муҳокама қилиш ва амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун техник мутахассисларнинг Ўзбекистонга ташрифи ташкиллаштирилишига келишиб олинди.

Шунингдек, “China National Chemical Engineering & Construction Corporation Seven, LTD” АЖ ва тизим корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳамда маъмурий бинолари томларига замонавий қуёш панелларини ўрнатиш лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш бўйича ҳам қизиқиш билдирди.

Ҳамкорликда амалга ошириладиган ушбу истиқболли лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиёти янада юксалишига ҳисса қўшиши, импорт ўрнини босиш билан бир қаторда, экспорт салоҳиятини оширишда муҳим стратегик аҳамиятга эга эканлиги, қолаверса, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда дипломатик муносабатлар ривожига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати