Бугун, 28 декабрь куни “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” корхонасида суперфосфат минерал ўғитини ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичи ишга туширилди. Лойиҳа доирасида йилига 350 минг тонна фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарилади ва маҳсулотнинг асосий қисми республикамиз қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун йўналтирилади. Лойиҳа “Indorama Holdings BV” компаниясининг 30,0 млн. доллар миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари ҳисобига амалга оширилди.
Кейинги 15 кун давомида кунига ўртача 1060 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади ва кейинги босқичда аммоний суперфосфат ишлаб чиқариш учун жамланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорларига асосан “Қўқон суперфосфат заводи” акциядорлик жамиятининг устав фондидаги 95,5 фоиз улуши Сингапурнинг “Indorama Holdings BV” компаниясига инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан сотилган эди.
2019-2020-йилларда хорижий инвестор “Indorama Holdings BV” компанияси томонидан “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” корхонасида ишлаб чиқариш қувватларини замонавий энерготежамкор технологияларни жорий этиш орқали тўлиқ модернизация қилиш ишлари олиб борилди.
“Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” АЖ бош директори Раҳул Сингҳ пандемия шароитида ҳам корхонада амалга оширилган модернизация ишлари ҳақида тўхталиб, барча ишлар мамлакатда амалда бўлган карантин талаблари асосида бажарилганлиги, санитария-гигиена қоидаларига ва ижтимоий масофага риоя қилинган ҳолда олиб борилганлиги таъкидлаб ўтди ҳамда Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигини билдирди. Шу билан бирга лойиҳа компания тарихидаги рекорд муддатлар ичида, яъни 12 ойда якунланганлигини эътироф этди.
Бундан ташқари, 2021-2023-йилларда лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиши доирасида “Indorama Holdings BV” компанияси томонидан қўшимча 40,0 млн. доллар миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига корхонада мураккаб турдаги минерал ўғитлар ва бошқа импорт ўрнини босувчи кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, дикальцийфосфат каби чорвачилик учун озуқа ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Модернизация натижасида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарилишга сарфланадиган электр энергия ва табиий газ ҳаражатлари 40 фоизга қисқартирилишига ва корхона ишчи ходимлари сонини сақлаб қолган ҳолда қўшимча 150 та янги иш ўринлари яратилишига ҳамда республикамиз қишлоқ хўжалигининг фосфорли ўғитларга бўлган талаби қондирилишига эришилади.
Аммонийли суперфосфат ишлаб чиқарилиши эса 2021 йилнинг январь ойида ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати