“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан “Навоийазот” акциядорлик жамиятида ташкил этилган пресс-тур давомида малакали мутахассислар тадбир иштирокчиларига корхона фаолияти ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ҳақида маълумот берди.
Ушбу пресс-тур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш тўғрисида”ги ПҚ-4265-сонли Қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан “Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилган ишлар ва жорий йил ҳаётга тадбиқ этилиши режалаштирилган янги лойиҳалар билан яқиндан таништириш мақсадида 2020 йил 4 март куни ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида 2019 йил 28-декабрь куни ташкилот тизимидаги “Навоийазот” акциядорлик жамиятида муҳтарам Президентимиз бошчилигида ишга туширилган Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси, 2020 йил март ойида ишга тушириш режалаштирилган Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси ҳамда корхона ҳудудида бунёд этилаётган Аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Прес-турда йигирмага яқин марказий ва маҳаллий ОАВ вакиллари билан бир қаторда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона-ташкилот Ёшлар етакчилари ҳам иштирок этди.
Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти таркибида 16 та йирик ва ўрта кимёвий корхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан жами 180 тадан ортиқ номдаги кимёвий маҳсулотлар, шу жумладан, 90 га яқин турдаги янги, маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар томонидан талаб этилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
“Навоийазот” АЖ тизимдаги кимё корхоналарининг энг йирикларидан бири ҳисобланади. Корхонада 70 дан ортиқ ноёб маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Уни модернизация қилиш, қувватини кенгайтириш мақсадида учта йирик инвестицион лойиҳа режалаштирилган эди.
Биринчи лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлиб, унинг самарасида йилига 660 минг тонна аммиак ва 580 минг тоннадан зиёд карбамид олиш имконияти яратилади. 500 га яқин иш ўрни пайдо бўлади. Уни жорий йилда ишга тушириш, йилига 136 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Япониянинг “Mitsubishi Heavy Industries” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда қурилаётган янги корхонада замонавий технологиялар қўлланиши эвазига йилига 735 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади, атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид газлари миқдори ҳам камаяди.
Яна бир йирик корхона – Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасидир. Умумий қиймати 217 миллион долларга тенг ушбу объект Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилмоқда.
У йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. Ҳозирги кунда ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. Яқин кунларда бу ерда биринчи маҳсулот чиқарилиши режалаштирилган. Янги лойиҳаларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида қарийб 60 йил муқаддам қурилган, ҳар томонлама эскирган азот кислотаси цехлари фойдаланишдан чиқарилади. Энг муҳими, 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергияси сарфи 18 баробар камаяди, ҳавони ифлослантирадиган 150 минг тонна миқдоридаги нитроз газлари тутиб қолинади.
Учинчи инновацион лойиҳа – Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси бўлиб, у яқинда ишга туширилган эди. Лойиҳа Хитойнинг “China CAMC Engineering Co., LTD” ва “HQC Shanghai Company” компаниялар консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди. Янги корхонада йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотларга автомобилсозлик, тўқимачилик, металлургия, кимё, нефть-газ тармоқлари, электр техникаси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда талаб юқори. Улар шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилинарди.
Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси юртимиз корхоналарини зарур хомашё билан таъминламоқда. Шунингдек, ҳар йили 40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Янги мажмуада 900 дан зиёд иш ўрни яратилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона-ташкилотлар фаолияти билан журналист ва блогерларни яқиндан таништиришга қаратилган Пресс-турлар 2020 йил давомида режага мувофиқ ташкил этилади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати