“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан “Мустақиллик – бебаҳо неъмат” мавзусидаги эсселар танлови эълон қилинди

// 06.08.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (509.09 KB)

 

Меҳнат жамоаларида мустақиллик байрамини муносиб кутиб олиш ва   нишонлаш мақсадида турли тадбирлар ва танловлар ўтказилиб, фаолиятда муайян ютуқларга эришаётган ишчи-ходимлар моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ўтказилаётган “Мустақиллик – бебаҳо неъмат” мавзусидаги эсселар танлови кимё саноати тизимида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб нишонлаш, мустақилликни бебаҳо қадрият сифатида кенг тарғиб этиш ва у берган имкониятлардан унумли фойдаланиш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқе ва нуфузини мустаҳкамлаш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтилишини таъминлаш ва ишчи-ходимларнинг саводхонлигини ошириш борасидаги устувор вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилган.

Икки босқичли танловнинг дастлабки босқичи 5-13 август кунлари тармоқ корхоналари ва ташкилотларида ўтказилади.

Танлов шартларига кўра, иштирокчилар белгиланган мезонлар асосида шакллантирилган ижодий ишларни Ишчи гуруҳга тақдим этадилар.

Ижодий ишларни баҳолашда мавзуга мос эпиграф танланганлиги, режа тузилганлиги ва мавзу режа асосида тўлиқ ва изчил ёритилганлиги, ифодалаш усулида сўз бойлиги ранг-баранглиги, сўзлар тўғри танланганлиги ва ўз ўрнида қўлланганлиги, тил воситаларидан унумли фойдаланилганлиги, ижодий иш мазмунига тарихий, адабий-бадиий маълумотлар сингдирилганлиги, равон, саводли ва ҳуснихат қоидаларига амал қилган ҳолда ёзилганлиги, фикрлар хулосаларда умумлаштирилганлиги, имло, услуб ва тиниш белгиларини қўйиш қоидаларига амал қилинганлиги инобатга олинади.

Танловнинг якуний босқичи 16-20 август кунлари ўтказилади. Ҳакамлар ҳайъатига Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари, тилшунос олимлар жалб қилинади.

Танлов ғолиблари “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан эсдалик совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланади.

Иштирокчиларнинг энг яхши ижодий ишларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш режалаштирилган.

 

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати