Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан жорий этилган “Маҳаллабай” ишлаш тизимига мувофиқ “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан Яшнобод туманининг 9 та маҳалла фуқаролар йиғинида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилашга кўмаклашиш, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларнинг фаоллигини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашга эътибор қаратилиб келинмоқда.
Бу борада “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ишчи гуруҳи аъзолари томонидан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг турмуш тарзи ва яшаш шароитлари атрофлича ўрганилди. Ўрганиш натижасига кўра, “Дўстобод”, “Машинасозлар”, “Ал-Бухорий”, “Бойқўрғон” ва “Амир Темур” маҳалларида истиқомат қилувчи 14 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўз бандлигини таъминлашларига кўмаклашиш мақсадида замонавий тикув машиналари ҳамда 1 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлга
ногиронлик аравачаси тақдим этилди.
Шунингдек, ташкилот томонидан маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошириб келинмокда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати