«Ўзкимёсаноат» АЖ Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармасининг 2023 йил I чорак якунлари юзасидан ҳисобот йиғилиши ўтказилди

// 27.04.2023 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (917.85 KB)

«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналари Комплаенс хизмати томонидан 2023 йилнинг I чораки давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда «Ўзкимёсаноат» АЖ Комплаенс хизмати томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинди.

Ҳисобот даврида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.01.2022 йилдаги Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида  «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида  коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишларни ягона мезон асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Мазкур баҳолаш тизимига 5 та йўналишда 29 та махсус индикаторлар асосида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг “E-Anticor.uz” электрон платформасига соҳада амалга оширилган ишлар бўйича барча маълумотлар киритилди. Натижада ушбу баҳолаш рейтинг тизимида  «Ўзкимёсаноат» АЖнинг фаолияти 89 балл билан яхши деб баҳоланиб, фахрли 4-ўринни эгаллади. 

Ҳисобот даврида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналаридаги коррупцион жиноятлар, ноқонуний ўзлаштириш, растрата, ўғирлик, камомад, қўшиб ёзиш ва бошқа қонунбузилишлар бўйича жами 29 та ҳолатлар аниқланиб, улар бўйича тегишли тартибда хизмат теширувлари ўтказилди.

 Юқоридаги каби аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича жами 6 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди, 12 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 32 нафар масъул ходимларга нисбатан турли интизомий жазолар қўлланилди, 27 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарималар ундирилди.

2023 йилнинг I чорагида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида аниқланган коррупцион ҳаракатлар, корхона маблағларининг талон-тарож қилиниши оқибатида тизимга жами 5,5 млрд сўмлик зарар етказилганлиги қайд этилди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борган чора-тадбирлари натижасида жами етказилган моддий зарарнинг 4,5 млрд сўмга яқин қисми ундирилишига эришилди.

Ҳисобот даврида тизим корхоналарида харидлар жараёнининг очиқ ва шаффофлиги таъминланиши ҳамда уларни «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқ амалга оширилиши натижасида жами 3,4 млрд сўмлик пул маблағлари асоссиз сарфланишининг олди олиниб, иқтисод қилинди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш Низоми» талабларига мувофиқ хизмат вазифасига кўра коррупциявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори ва ўрта бўлган 8734 нафар ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги декларациялар тўлдирилди. Тўлдирилган декларациялар таҳлил қилинганда 75 та масъул ходимларда манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, «Максам-Чирчиқ» АЖда 30 та, «Навоийазот» АЖда 19 та, «Фарғонаазот» АЖда 18 та, «Аммофос-Максам» АЖда 5 та,  «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖда 3 та ҳолатда ўзаро яқин қариндошлар бевосита қўл остида ёки раҳбарлигида ишлаши натижасида вужудга келган манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан ушбу ходимларни корхонадаги бошқа лавозимларига ўтказилиш орқали манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳисобот даврида оммавий ахборот воситалари ва расмий веб-сайтлари орқали соҳага оид жами 91 та материаллар жойлаштирилган.

Жамият ва тармоқ корхоналарида ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларини жорий этиш мақсадида "CERT Academy Group" халқаро тренинг компанияси мутахассисларини жалб этган ҳолда, 12 та ходим иштирокида ўқув курслари ташкил этилган.

Тадбир давомида жамиятда коррупцияга қарши муросасиз курашиш борасидаги ишларни мунтазам ва тизимли давом эттириш юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берилди. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш, шунингдек, ушбу иллатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси томонидан мазкур соҳада устувор йўналишлар, аниқ мақсадлар ва вазифалар белгилаб олинди.


Сўнгги янгилаш санаси: 11.05.2023