Кимё ва газ-кимё саноатида Ўзбекистон-Хитой стратегик ҳамкорлигини ривожлантириш тўғрисида битим имзоланди

// 07.11.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (561.82 KB)

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва Хитой Халқ Республикасининг кимё-муҳандислик миллий корпорацияси президенти Вэнь Ган бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида кимё ва газ-кимё саноати соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга сезиларли даражада ошиб бораётгани ва бу борада айниқса, Кимё-муҳандислик миллий корпорациясининг (CNCЕC) ўрни катта эканлиги алоҳида қайд этилди.

“Мен сўнгги ўн йил ичида биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрдим ва кўриб турибманки, Ўзбекистон барча соҳаларда сезиларли даражада тараққий этганига гувоҳ бўлдим. Ишончим комилки, ҳамкорлигимиз келажакда янада ривожланади”, – деди, корпорация президенти Вэнь Ган.

Мулоқот чоғида икки мамлакат кимё саноатини янада ривожлантириш масалалари ва истиқболли йўналишларнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди. Шундан сўнг томонлар икки мамлакат ўртасида кимё ва газ-кимё саноатида стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзоладилар.

Ҳозирги кунда CNCЕCнинг “China National Chemical Engineering No. 7 Construction Co., Ltd.” компанияси томонидан кимё ва газ-кимё саноатининг “Аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, “Метанолни полипропиленга (МТР) қайта ишлаш мажмуаси қурилиши”, “Метанолни олефинларга (МТО) қайта ишлаш мажмуасини қуриш”, “Полибутиленадипаттерефталат (PBAT) ишлаб чиқаришни ташкил этиш” каби ана шундай йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, хорижий томон оқова сувларни тозалаш иншоотлари ва инфратузилмасини қуриш, автомобил йўллари қуриш, шунингдек, кам углеродли ривожланиш ва қайта тикланувчи яшил энергия манбалари лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этишдан манфаатдор эканлигини билдирди.