Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан Қорақолпоғистон Республикасида кимёсаноат тармоғини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,66 трлн. сўмлик жами 17 та инвестиция лойиҳаси бўйича иш олиб борилмоқда.
Ушбу инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эвазига махаллий хом-ашё ресурсларини қайта ишланиб, янги турдаги импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариши йўлга қўйилади.
Натижада бир йилда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини – 828,3 млрд. сўмга, экспортни – 42,5 млн. долларга, бюджетга тушумларини – 38,6 млрд. сўмга ошишга эришилади. Жами яратиладиган янги иш ўринлари – 1 074 тани ташкил этади.
“Қўнғирот сода заводи” МЧЖ негизида 6 та инвестиция лойиҳаси корхонанинг 51 фоиз улушини сотиб, инвестиция мажбуриятларини бажариш эвазига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади.
Ҳозирда халқаро консалтинг компанияси томонидан корхонанинг бозор қиймати баҳоланиб ва экспертизадан ўтказилди. Корхонанинг сотиш олди ҳужжатларини тайёрлаш, потенциал инвесторлар ўртасида шаффофликни таъминлаш, шу билан бирга жамият улушини сотиш шартларини ишлаб чиқиш мақсадида халқаро инвестиция маслаҳатчиси жалб қилинди.
Инвестиция маслаҳатчиси билан ҳамкорликда ахборот материаллари (тизер, ахборот меморандуми) ва стратегик инвесторларнинг кенг рўйхати тайёрланди. Белгиланган тартибда ахборот материаллари (тизер) 97 та потенциал инвесторларга кўриб чиқиш учун юборилди.
Шу йилнинг август ойи охирида аниқ савдо шартлари тасдиқланади, сентябрда инвесторлар қисқа рўйхати ва декабргача – танлов натижаларига кўра ғолиб аниқланади ва у билан керакли келишувлар имзоланади.
Янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш маҳаллий хом-ашёлар эвазига амалга оширилади ва йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 324,3 млрд.сўмга ва бюджетга тушум ҳажми 16,9 млрд сўмга, шу билан бирга 494 та янги иш ўринлари яратилишига эришилади.
Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан оҳактош ва полиэтилендан қоғоз, натрий сульфат ва калий хлорид хом-ашёсидан калий сульфат ўғити, кальцинацияланган сода ва кварц қуми хом-ашёларидан шиша идишлари ва ойна ишлаб чиқариш ҳамда техник туз хом-ашёсидан натрий металлини ишлаб чикариш истиқболли инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Бугунги кунда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш концепцияси устида иш олиб борилмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати