ITOCHU Corporation ҳамда Toyo Engineering Corporation компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

// 25.10.2024 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (137.18 KB)

Бугун «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Евгений Коржиков бошчилигида Япониянинг ITOCHU Corporation  ҳамда Toyo Engineering Corporation компаниялари вакиллари  билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар Ўзбекистон кимё саноатини ривожлантириш стратегияси, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш ва «яшил» маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, музокарада Toyo Engineering Corporation компаниясини лицензиар ва техник ҳамкор сифатида жалб қилган ҳолда бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Япониянинг молиявий институтлари томонидан лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Маълумот учун:  ITOCHU Corporation— штаб-квартираси Токиода жойлашган, япон савдо уйларининг «катта бешлиги»га кирувчи универсал савдо уйи. Компания ички савдо, импорт-экспорт ва тўқимачилик, машинасозлик, металлар, минераллар, энергетика, кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, кўчмас мулк, ахборот ва коммуникация технологиялари каби турли товарларнинг ташқи савдоси билан шуғулланади.

Toyo Engineering Corporation    — муҳандислик, қурилиш компанияси бўлиб, асосан нефть-газ ва нефть-кимё, газ-кимё саноати билан шуғулланади. 1961 йил- ташкил этилганидан буён компания карбамид ишлаб чиқариш технологияси соҳасида жаҳон бозори етакчиларидан ҳисобланади.  Корпорация 100 дан ортиқ қурилмаларни лойиҳалаштирган ва амалга оширган.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати
 


Сўнгги янгилаш санаси: 25.10.2024