Импортни қисқартириш – маҳаллийлаштириш орқали амалга ошмоқда

// 04.08.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (4.64 MB)

Ўзбекистонда саноат тармоқларини диверсификация қилиш, ички хомашё ва ресурслардан самарали фойдаланиш, шунингдек, импортга бўлган қарамликни камайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда кимё саноати алоҳида ўрин тутади. Хусусан, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги натижалар буни яққол тасдиқлайди.

Жумладан, 2025 йилнинг январь-июнь ойлари давомида жамият томонидан 29 турдаги маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарилиб, умумий қиймати 2,3 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич режага нисбатан 141,4 фоизга тенг бўлиб, маҳаллийлаштириш соҳасида олиб борилаётган самарали сиёсатнинг ёрқин натижасидир.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар орасида натрий цианид, поливинилхлорид, полиакриламид, карбамид, кальцинацияланган сода каби муҳим кимёвий моддалар ҳам бор. Ушбу моддалар нафақат ички бозор эҳтиёжини қоплашда, балки экспорт салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ 2025 йил якунига қадар яна 31 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирган бўлиб, улар орқали қўшимча равишда 4 триллион сўмлик маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Бу каби лойиҳалар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, балки янги иш ўринларини яратиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини кенгайтириш ва мамлакат саноатидаги инновацион салоҳиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати

 


Сўнгги янгилаш санаси: 04.08.2025