“Ўзэкспомарказ”да VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси якунланди

// 10.11.2014 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (41.39 KB)

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ўтказиб келинаётган саноатчиларнинг мазкур анъанавий форуми мамлакатимизнинг маҳаллий хомашёлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришнинг янги тур ва йўналишларини ривожлантириш борасидаги ютуқларини яна бир бор намойиш этди.

Кооперация биржаси иштирокчилари корхоналар саноат тармоқлари эҳтиёжларини баҳолаб, ривожланиш истиқболларини белгилаш, келгуси йил учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштириш ва буюртмалар портфелини шакллантириш имконига эга бўлди.

Анъанага кўра, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси икки босқичда ўтказилди. Жорий йилнинг март-июнь ойларида бўлиб ўтган биринчи босқичда ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркалари ташкил этилди. Уларда 3,8 мингдан зиёд корхона 19 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотларни тақдим қилди. Ярмаркаларда жорий йилда саноат кооперацияси асосида маҳсулот етказиб бериш бўйича 890,5 миллиард сўмлик хўжалик шартномалари тузилди. Экспорт шартномалари ҳажми эса 260,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Иккинчи босқичда мамлакатимизнинг 1700 дан ортиқ корхона, компания ва ташкилотлари томонидан машинасозлик, автомобилсозлик, электр техникаси, қурилиш, металлургия, кимё, нефть-газ, озиқ-овқат, енгил саноат, фармацевтика ва бошқа тармоқларнинг 20 мингдан ортиқ номдаги тайёр маҳсулотлари, бутловчи буюмлар ва материаллари тақдим этилди.

Намойиш этилган 1000 дан зиёд турдаги товарлар 2014-2016 йиллар учун тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йил бошидан буён ўзлаштирилгани эътиборга лойиқ. Рўйхатга киритилган корхоналар 2017 йил 1 январгача божхона ва солиқ имтиёзлари ҳамда преференцияларга эга. Жумладан, улар хориждан олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар учун божхона тўловларидан озод этилган. Бу мамлакатимиз ишлаб чиқаришига илғор хорижий технологияларни жорий этиш ва жадал ривожлантириш имконини бермоқда.

- Импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб, бу янги иш ўринлари ташкил этишга ёрдам бермоқда, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар тақдим қилмоқда, – дейди Бухоро вилоятидаги «Buhoro-Bahor» қўшма корхонаси директори ўринбосари Саиджон Гадоев. – Корхонамиз кооперация асосида турли ювиш ва тозалаш воситаларини ишлаб чиқармоқда. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида янги ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйдик.

“Ўзбекчармпойабзали” уюшмасининг 70 дан ортиқ корхонаси замонавий кундалик ва махсус пойабзаллар, спорт инвентарлари, аёллар сумкаси каби кўплаб маҳсулотлар тақдим этди. Саноат форумида улар мамлакатимиз ва хорижий шериклар билан узоқ муддатли шартномалар тузди.

Таъкидлаш жоизки, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хомашё ва материаллар юртимиз истеъмолчилари учун қўшимча тендерлар ўтказмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилмоқда.

Форумда дунёнинг Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Чехия, Жанубий Корея каби ўнлаб давлатларидаги фирма ва компанияларининг 1200 дан ортиқ вакили юртимиз саноати салоҳияти билан танишиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш бўйича кўплаб шартномалар тузди. Айни пайтда улар мамлакатимизда хусусий ёки қўшма корхона очиш истиқболларини баҳолаш имкониятига ҳам эга бўлди. Ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларига ихтисослашган корхоналарнинг бир жойда тўплангани чет эллик иштирокчилар учун Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг асосий афзалликларидан бири бўлди.

Мамлакатимизда яратилган қулай инвестициявий муҳит хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, барча соҳаларга замонавий технологияларни жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, автомобилсозлик соҳасида қатор қўшма корхоналар самарали фаолият юритмоқда.

Чунончи, “MAN Аuto Uzbekistan” қўшма корхонаси ва “СамАвто” масъулияти чекланган жамияти экспозициялари Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасига ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу корхоналар самосвал, самосвал тиркамалари, шатак, автокран, шаҳар ва шаҳар атрофида қатнайдиган автобус ҳамда бошқа маҳсулотларни тақдим қилди. Умуман олганда, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясининг ўнлаб корхоналари экспозициялари миллий автомобилсозлигимиз салоҳияти, жумладан, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларимизни кенг намойиш қилди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари кенг экспозиция билан иштирок этди. Жумладан, “Sino” очиқ акциядорлик жамияти, “Фотон” давлат унитар корхонаси, “Artel” савдо белгиси остидаги компаниялар гуруҳи каби корхоналар стендлари кўпчиликнинг эътиборини жалб этди. Мамлакатимиз электр техника саноати сўнгги йилларда мураккаб маиший ва радиотехника маҳсулотлари – телевизорларнинг замонавий моделлари, маиший ва саноат совутгичлари, кондиционер, газ плитаси, чангютгич, энергия тежайдиган лампа, электр чойнак, дазмол ва телефон ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Етти кун давом этган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг саксонта марказлаштирилган тақдимоти ўтказилди. Мамлакатимиз ҳудудлари тақдимотида маҳаллий ресурсларни ўзлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда саноат тармоқларининг асосий корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Барча тадбирлар мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, суғурта компаниялари, банклар, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасига ихтисослаштирилган ташкилотлар мутахассислари иштирокида ўтказилди ва улар ўзининг малакали маслаҳат хизматларини кўрсатди.

Материаллар ишлаб чиқариш секторида алоқани йўлга қўйиш, тадбиркорлик ва новаторлик лойиҳаларини ривожлантириш мақсадида саноат ярмаркаси иштирокчиларига 2014-2015 йилларга мўлжалланган электрон ва қоғоз шаклидаги Ўзбекистон саноат маҳсулотлари каталоги таклиф этилди. Мазкур каталогда мамлакатимизнинг 2300 дан ортиқ корхонаси ва улар ишлаб чиқарадиган импорт ўрнини босувчи ва маҳаллийлаштирилган янги маҳсулотлар ҳақида маълумотлар мавжуд.

Анъанавий ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, ташқи хўжалик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу ерда ўзаро манфаатли битимлар тузиш имконияти мавжудлиги боис биргина ўтган йилги форумда саноат кооперацияси асосида маҳсулот харид қилиш бўйича қиймати 6,2 триллион сўмлик шартнома тузилди. Экспорт шартномалари ҳажми 6,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Жорий йилда эса маҳсулот сотиб олиш бўйича шартномалар қиймати ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб 1,4, экспорт шартномалари 1,1 марта ошди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бугунги кунда халқаро даражада талаб ортиб бораётганидан ёрқин далолатдир. 

Сардор Тожиев, А. Ёқубов (сурат), ЎзА