Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллек-туал салоҳиятининг ёрқин ҳамда бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётир. Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир. Мутахассисларнинг фикрича, дунё халқлари бугунги кунда 7000 дан зиёд тилда гаплашса,уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Ўтмишда 9000 дан ортиқ тил мутлақ йўқолиб кетган. Истиқлол йилларида ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ҳамда луғатлар, дарсликлар, ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланадиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.
Масалан, бизнинг заводимизда ҳам Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ибратли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малакасини ошириш марказининг Қарши филиалида 42 нафар ишчи-хизматчи ўқитилиб,сертификатлар олинди. Жамоа аъзолари ўртасида миллий қадриятларимизни, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш борасида кенг кўламда маънавий-маърифий ишлар ташкил этилаётир.
Она тилимизга бўлган эътиборни кучайтириш мақсадида турли адабий учрашувлар, шеърхонлик кечалари, кўрик-танловлар ташкил этилаётир. Завод ҳудудидаги, цех ва бўлимларнинг кириш қисмидаги барча пешлавҳалар лотин алифбосига ўгирилмоқда. Меҳнат хавфсизлиги йўналиши бўйича 161 млн сўм эвазига 186 дона баннер тайёрланмоқда. Ишчи-хизматчилар ўртасида “Лотин алифбосида тез ва хатосиз ёзаман” шиори остида танлов ташкил этиляпти. Миллатимизнинг маданий ўзаги ва асосий мулоқот манбаи бу – она тилимиздир. Биз уни қанчалик сақласак, гўзал ибораларию ташбеҳлари ила келажак авлодларга етказиб берсак, халқимизнинг буюк миллат сифатида келажак сари дадил одимлашига ҳисса қўшган бўламиз. Шуни унутмаслик керакки, тил халқнинг жипслиги ва келажагини белгилайди. Фақат тилгина халқларни эзгулик сари ўзаро бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятини сақлаб, авлоддан авлодга ўтишини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, тилини асраган миллат бу дунёда мангуликка дахлдордир.