“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг коррупцияга қарши курашиш бўйича мурожаати

Ҳурматли ҳамкасблар ва ҳамкорлар!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупсиоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Мамалакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари асосида коррупцияга қарши превентив механизмларни қўллаш устуворлик касб этаётганлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган аниқ чораларнинг белгилаб берилганлиги муҳим аҳамиятга эгадур.

Биргина жорий йил декабрь ойида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси кўмагида ўтказилган Шайх Тамим Бин Ҳамад Ол Соний томонидан таъсис этилган «Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро юксак мукофоти»ни топшириш маросимининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши мазкур соҳада мамлакатимизда олиб борилаётган амалий ишларнинг пировард натижаси эканлигини кўрсатди.

Маълумки, коррупцияга қарши самарали курашишда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир аниқ-чора тадбирларни белгилаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, коррупцияга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш каби вазифаларни бажариш устувор ҳисобланади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида юқоридаги каби чора-тадбирларни белгилаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш механизмини такомиллаштириш мақсадида бир қатор ички меъёрий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди.

Хусусан, Жамиятда «Коррупцияга қарши курашиш сиёсати», «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида»ги низом, «Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти», Жамият ходимларининг «Одоб-ахлоқ қоидалари» ва бошқа шу каби 10 га яқин ички идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шунингдек, Жамият ходимларининг коррупцион ҳаракатлари юзасидан хабар беришга мўлжалланган алоқа каналлари ташкил этилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар ташкилотнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ каналларида очиқ жойлаштирилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда «Ўзкимёсаноат» АЖ ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, шунингдек, 2023 йилда ташкилотда коррупцияга қарши курашишда устувор вазифаларга оид чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, тизим ходимлари орасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга оид бир қатор амалий ишлар қилинди.

Ўз навбатида, «Ўзкимёсаноат» АЖ коррупцион ҳаракатларнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларини рад этади, Жамиятда коррупцияга нисбатан кескин муросасизлик шаклланишини таъминлайди, тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга оид амалий ишларни олиб боради ҳамда қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилишга, ҳалоллик, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.

Ҳар биримиз бу ишда нафақат мамлакатимизда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига онгли равишда риоя қилишимиз, балки бу ишга инсонийлик бурчимиз сифатида қарашимиз зарур.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларимиз, ҳамкорларимиз ва юртдошларимизни иш юритиш стандартларига амал қилишга, коррупцияга қарши мавжуд қонунчилик нормаларига оғишмай риоя этишга, ҳар қандай коррупцион, манфаатлар тўқнашуви ва қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ўз вақтида тезкорлик билан хабар беришда ҳамжиҳатликка чақираман.

Ҳурмат билан,

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси


Сўнгги янгилаш санаси: 26.12.2023