“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси биринчи ўринбосарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича мурожаати

Ассалому алайкум, ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9- декабрь - Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланмоқда.

Мамлакатимизда эса коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати коррупциянинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган превентив чора-тадбирларнинг амалга оширилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Бунинг яққол мисоли сифатида соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар  мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганлиги сабабли, жорий йилда “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2023 йил якунлари бўйича эълон қилинган Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз 180 та давлатлар орасида ўз ўрнини 5 поғона яхшилаб, 121-ўринни эгаллади. (2022 йилда 14 поғона яхшилаб 126- ўринни эгаллаган).

Мазкур индексдаги кўрсаткичларимизнинг яхшиланишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари асосида коррупцияга қарши превентив механизмларни қўллаш устуворлик касб этаётганлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган аниқ чораларнинг белгилаб берилганлиги асосий омиллардан ҳисобланади.

Албатта, мазкур натижаларнинг асосий ижрочилари нафақат коррупцияга қарши курашишга масъул идоралар, балки бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари, бизнес ҳамжамияти, фуқаролик жамияти институти вакиллари ва кенг жамоатчилик ҳам ҳисобланади.

Маълумки, коррупцияга қарши самарали курашишда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир аниқ-чора тадбирларни белгилаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, коррупцияга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш каби вазифаларни бажариш устувор ҳисобланади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида шу каби чора-тадбирларни белгилаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш механизмини такомиллаштириш мақсадида бир қатор ички меъёрий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди.

Жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида”ги Низом, “Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти”, жамият ходимларининг “Одоб-ахлоқ қоидалари” ва бошқа шу каби 10 дан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ички идоравий ҳужжатлар талабларига ташкилот ходимлари томонидан амал қилиниши доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖнинг “Коррупцияга қарши курашиш дастури”, дастур доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси, “Коррупцион хавф юқори бўлган лавозимда ишловчи ходимларни ўқитиш дастури” ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашга оид йўл хариталари ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

Жамият ходимларининг коррупцион ҳаракатлари юзасидан хабар беришга мўлжалланган алоқа каналлари ташкил этилиб, алоқа каналлари тўғрисидаги маълумотлар ташкилотнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ каналларида очиқ жойлаштирилган.

Ҳозирда ташкилот фаолиятининг фуқаролар ва жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш мақсадида 30 дан ортиқ турдаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар Жамият расмий веб-сайтига доимий равишда жойлаштирилиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамкорлигида тизим ходимлари орасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга оид бир қатор амалий ишлар қилинди.

Хусусан, белгиланган вазифалар доирасида ташкилотнинг 15 нафар коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозим ва функцияларида ишлаётган раҳбар ходимлар “CERT ACADEMY GROUP” халқаро тренинг ташкилоти томонидан ISO 37001 стандарти асосида Коррупцияга қарши курашиш бўйича малака ошириш курсида ўқитилди

Бундан ташқари, тасдиқланган махсус ўқув дастури доирасида жами 54 нафар ходимлар ҳамда ташкилотга янги ишга қабул қилинган 22 нафар ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмалари оширилди.

Ўз ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Агентлик томонидан Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги электрон платформа орқали рейтинг баҳолашдан ўтказилиб, 90 баллни қўлга киритган ҳолда “яхши” деб баҳоланди.

Бугунги бўлиб ўтаётган “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкилот фаолиятининг очиқлиги, унинг жамоатчилик ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари, журналистлар, блогерлар ва фуқароларнинг қизиқтирган саволларига тўлиқ жавоб олишлари мақсадида ташкил этилган.

Барчамизга маълумки коррупцияга қарши курашишда самарали тизимни яратиш мураккаб ва масъулиятли жараён. Бунда ҳар биримиз нафақат мамлакатимизда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига онгли равишда риоя қилишимиз, балки бу ишга инсонийлик бурчимиз сифатида қарашимиз лозим.

Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига “йўқ” деб айта олишимиз, қолаверса ўзимизда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантиришимиз зарур. Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг умумий ишимиз ва устувор вазифамизга айланмоғи даркор.

Ҳурмат билан,

“Ўзкимёсаноат” АЖ

бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Е. Коржиков


Сўнгги янгилаш санаси: 12.12.2024