“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент шаҳридаги филиали Васийлик Кенгашининг йиғилиши ўтказилди. Видеоконференцалоқа орқали ўтказилган йиғилишда Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технологиялари университети ректори А.Г.Мажуга, Тошкент шаҳридаги филиалнинг Ижрочи директори Ж.Т.Мирзамахмудов, Филиал директори С.Н.Филатов, университет ва филиал масъул ходимлари, Васийлик кенгаши аъзолари, “Indorama”, “Лукойл Ўзбекистон оперейтинг компани”, “Сибур холдинг” каби хориж компанияларнинг вакиллари ҳамда кимё ва нефть-газ корхоналари иштирок этди.
Йиғилишда ўқув жараёнини ташкил этиш, Филиал Васийлик кенгашининг янги аъзоларини тасдиқлаш, Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Филиалнинг янги ўқув биносини қуриш ва реконструкция ишлари ҳамда Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент шаҳридаги филиалини ривожлантириш фондини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.
Россия кимё-технологиялари университети ректори А.Г.Мажуга Филиал фаолияти ҳақида тўхталиб, 2020-2021 ўқув йили кириш имтихонлари пандемия шароитида юқори савияда санитария-гигиена қоидаларига ва ижтимоий масофага риоя қилинган ҳолда очиқ ҳавода ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Филиалнинг таълим йўналишлари “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқ корхоналарининг кимё-технологик йўналишдаги кадрларга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда белгиланганлиги, магистратура таълим дастури бўйича ҳам ўқиш бошланишини маълум қилди. Келажакда сиртқи таълим йўналишини ташкил этиш ҳамда Филиалда илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган талабаларни Москвага магистратура босқичида таълим олишга юбориш истиқболли режалардан эканлигига тўхталиб ўтди.
Филиал Васийлик кенгашининг раиси Ж.Мирзамахмудов янги ўқув йилида абитуриентлар учун қулайлик яратиш мақсадида тайёрлов курсларини бу йилга нисбатан вақтлироқ ташкил этилиши, ҳудудлардаги ёшлар янада самарали тайёргарлик кўришлари учун барча тайёрлов курслари онлайн ташкил этилишини, кейинги йил бошида ҳар бир ҳудудда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари иштирокида тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ташкил этилишини таъкидлаб ўтди. Асосий эътибор саноат корхоналари жойлашган ҳамда истиқболда амалга оширилаётган лойиҳалар жойлашган ҳудудлардаги ёшлар билан ишлашга қаратилиши белгиланди.
Шунингдек, Филиалда Россия кимё-технология университети қошидаги Менделеев муҳандислик маркази сингари тадқиқот маркази ва замонавий лабараториялар очиш, илм-фан билан ишлаб чиқариш жараёнининг интеграциялашувини янада ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент шаҳридаги филиали Васийлик кенгашининг янги аъзолари тасдиқланди. Васийлик кенгаши янги аъзолари қаторидан “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона-ташкилотлар ҳамда хорижий компания вакиллари ўрин олди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати