Йилнинг энг фаол ёш кимёгари аниқланди

// 25.06.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (332.81 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши билан ҳамкорликда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида 2021 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш, ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, ўзи танлаган касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини шакллантириш, иқтидорли ёш мутахассисларнинг касбий билим даражасини аниқлаш, ёш мутахассислар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш ва ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга татбиқ этиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловини ўтказиб келмоқда.

Жорий йилнинг 25 июнь куни Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловининг республика босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Танловдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини ошириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни муносиб рағбатлантириш, йигит-қизларда Она Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишдир.

Танловнинг биринчи босқичида турли тармоқлар тизимидаги 1500 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган 6 минг нафарга яқин ёш мутахассислар иштирок этдилар. Улардан 700 нафари ҳудудий босқичларда иштирок этдилар ва улар орасидан ғолиб деб топилган энг фаол ёш мутахассислар республика босқичига йўлланма олдилар. “Энг фаол ёш кимёгар” кўрик-танловининг Республика босқичида “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ва танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган, илғор инновацион ғояларга эга бўлган 10 нафар ёш кимёгарлар мусобақалашдилар.

Танловда ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва унумдорлигини оширишдаги аҳамияти, ёш мутахассислар инновацион ишланмаларининг Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Шунингдек, ёш мутахассислар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишларнинг долзарблиги ҳамда уларнинг республикамиз илм-фани, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими танлов орқали ёш мутахассисларнинг янги ишланма ва кашфиётлари юзага чиқарилди.

Масалан, “Фарғонаазот” АЖ Илмий техник ривожлантириш бошқармаси етакчи мутахассиси Бурхон Исақов томонидан тақдим этилган “Гидразин гидрат ишлаб чиқариш” лойиҳаси. Бугунги кунда гидразин гидратнинг қўлланилиш соҳаси кенг. Жумладан, сув ва буғ айланиш қувурларини коррозиядан ҳимоя қилишда, рангли ва қимматбаҳо металларни ажратиб олишда, шиша ишлаб чиқаришда, қишлоқ ҳўжалигида ўсимликларнинг зараркунандаларга қарши восита сифатида, органик синтезда ва бошқа соҳаларда кенг ишлатилади. Бугунги кунга қадар гидразин гитрат республикамизга импортдан кириб келмоқда. Маҳаллий хомашёлар ҳамда  корхонанинг мавжуд ишлаб чиқариш курилмаларидан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқарилиши маҳсулот таннархининг камайишига олиб келади ва маҳсулотни қўшни давлатларга экспортга йўналтиришга имконият яратилади. Лойиҳани амалиётга татбиқ қилиниши натижасида республикамизнинг қарийб 10,0 млрд. сўм маблағи иқтисод қилинишига эришилади.

Ҳакамлар хайъати қарорига мувофиқ, қуйидаги иштирокчилар “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танлови ғолиби деб эълон қилинди:

I ўрин. А.Ғўломов - “Аммофос-Максам” АЖ Аммафос-2 цехи мастер технологи;

II ўрин. З.Валиляева - “Максам-Чирчиқ” АЖ Лойиҳалаш конструкторлик бўлимининг муҳандис конструктори;

III ўрин. Б.Исақов - “Фарғонаазот” АЖ Илмий-техник ривожланиш бошқармаси етакчи мутахассиси

III ўрин. М.Пўлатов - “Деҳқонобод калий заводи” АЖ Илм-фан ва инновация бўлими етакчи муҳандиси, инновация бўйича менеджери.

Ғолиб ва совриндорлар “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Танлов доирасида аниқланган энг фаол ёш мутахассислар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” Республика форумида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар. Мазкур форумда энг яхши деб топилган иқтидорли ёш мутахассислар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган махсус грантлар билан тақдирланадилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати