“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига қаратилган тадбир ташкил этилди

// 23 2 2021 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (140.23 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизим корхоналари ходимлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган навбатдаги тадбир ташкил этилди.

Сўнгги йилларда республикамизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида, шу жумладан, саноат корхоналарида коррупцион омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Натижада коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларни минимум даражага туширишга хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти катта инспектори З.Эгамберидев сўзга чиқиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ўз ваколатлари доирасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар ва уларнинг механизмларини аниқлаш, иқтисодий ва коррупция билан боғлиқ бошқа жиноятлар бўйича тезкор-қидирув фаолиятини, терговга қадар текширувни ва суриштирувни амалга ошириши тўғрисида мисоллар ёрдамида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ Комплаенс хизмати бошлиғи Ш.Сағдуллаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармонида коррупцияга қарши курашиш мақсадида комплаенс назорат тизимини жорий этиш вазифаси белгиланлиги ҳамда ушбу фармон талаблари асосида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналарида комплаенс назорат тизими жорий этилганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

Кимё саноати корхоналарининг 2021 йил учун бизнес режасидаги совға бериш, вакиллик харажатларини оптималлаштириш натижасида 1,6 млрд сўм миқдоридаги маблағлар тежалиши билан бирга коррупцион ҳолатларнинг олди олинди.

“Ўзкимёсаноат” АЖда коррупциявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида ишонч телефони йўлга қўйилган ҳамда ташкилотнинг расмий веб-сайтида “Коррупцияга қарши курашиш” бўйича алоҳида саҳифа очилган ва унда бу соҳадаги меъёрий ҳужжатлар ва янгиликлар ёритилмоқда.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати