Ҳозирги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизим корхоналарида меҳнат қилаётган ёш ходимлар сони 5227 нафарни ташкил этади. Бундай катта ва салоҳиятли ёш жамоани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ва медисаводхонлигини ошириш, спорт ва интеллектуал танловларга жалб қилиш, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиб боришда замонавий ва креатив ёндашув зарур. Бунинг учун улар билан бевосита фаолият юритадиган ёшлар маслаҳатчиларнинг билим-кўникмаларини мунтазам ошириб бориш лозим.
Ушбу мақсадда тизим корхоналари ёшлар маслаҳатчилари учун 3 кунлик ўқув семинари ташкил этилди. Семинарнинг илк куни қизиқарли маълумотлар ва маърузаларга бой бўлди. Дастурни “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Санобар Абдурахманова очиб берди. Дастлаб, Жамият Юридик бошқармаси юристи Шоҳнур Синдаров мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари тўғрисида маъруза қилди.
Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Зикиров ёш ходимлар ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида маъруза қилди.
Ёшлар ишлари агентлиги мутахассиси Нилуфар Маткаримова ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида агентлик томонидан олиб борилаётган лойиҳалар, имтиёз ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Журналист, медиатренер Муҳайё Саидованинг медиасаводхонликни ошириш бўйича қилган маърузаси ёшларда катта таассурот қолдирди. Мутахассис ёшларга информацион хуружда рост ва ёлғон ахборотни фарқлай олиш, ахборотдан фойдалана олиш маданияти, танқидий фикрлаш, реклама ва пиар соҳасидаги билимлари билан ўртоқлашди.
Фойдали ва муҳим билимларга бой маърузалар давом этади.