Жорий йилнинг 29-сентябр куни Берлин шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ва Германия Федератив Республикаси канслери Олаф Шолс иштирокида саммит бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни алоҳида таъкидлади. Томонлар энергетика ва кимё саноати соҳасида кооперацион алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” Акциядорлик жамияти ва Германиянинг Linde GmbH компанияси бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Ташаббус “Метанол-олефин” комплекси учун синтез гази ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда водород ишлаб чиқариш каби янги ишлаб чиқариш қувватларини биргаликда қуриш имкониятларини баҳолашни ўз ичига олада. Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистондаги мавжуд саноат обектларини модернизация қилиш имкониятларини кўриб чиқади.
Янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва мавжуд инфратузилмаларни модернизация қилиш натижасида, карбонад ангидрид ташланмалари, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш даражасини камайишига эришилади, шунингдек, муқобил энергия манбалари ҳиссасини оширади. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг “Яшил иқтисодиёт” стратегиясини амалга оширишга ҳисса қўшади.