«Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Деҳқонобод калий заводи» АЖларнинг расмий баёноти

// 22.09.2023 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (58.78 KB)

Ижтимоий тармоқлар ва телеграм каналларда эълон қилинган Қашқадарё вилоятида жойлашган «Деҳқонобод калий заводи» АЖ шлам йиғиш ҳавзаларидан кислотали туз аралашмаси сизиб чиқаётганлиги ва бу ҳолат корхона атрофидаги чорва сув ичадиган булоқларни зарарлаётганлиги ҳақида мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Мурожаат эълон қилингандан сўнг Жамият масъул ходимлари томонидан шу куннинг ўзида жойларга чиқиб вазият ўрганилди. Вазиятни ўрганиш жараёнида жамиятга тегишли бўлган ҳудудларда шлам қолдиқларининг сизиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмади.

Жамиятга қарашли шлам йиғиш ҳавзалари Хитойнинг «CИТИC» компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси қурилиш меъёрлари қоидаларига мувофиқ қурилган ва ўрнатилган тартибда ваколатли идоралар томонидан ташкил қилинган комиссиялар томонидан қабул қилинган. Шунингдек, 1-босқич доирасидаги шлам йиғиш ҳавзаси тўлганлиги сабабли 2022 йил июль ойида ишлатилиши тўхтатилган. Ҳозирда 1-босқичдан чиқадиган шлам қолдиқлари 2-босқич доирасида қурилган 2 та махсус шлам йиғиш ҳавзаларига йўналтирилмоқда.

Шлам йиғиш ҳавзаларидан технологик сувлар сизишини назорат қилиш мақсадида кузатув қудуқлари бурғуланган бўлиб, «Аккредитация» марказининг маъқуллаш гувоҳномасига эга бўлган Экоаналитика лабораторияси томонидан мунтазам равишда кузатув қудуқларида тўпланган сизот сувларининг кимёвий экоаналитик лаборатория таҳлиллари ва мониторинги олиб борилиши йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунда корхонадаги барча қурилма ва иншоотлар тўлиқ ишчи ҳолатда ва белгиланган кўрсаткичлардан четлашишсиз ишламоқда. Шу билан бирга, Жамият томонидан атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилган ҳолатда, ҳар қандай зарарли ташланмаларнинг салбий таъсирларини олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги каби мурожаатлар бундан олдин ҳам кузатилган. Мурожаатлар асосида ваколатли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан жойларга чиққан ҳолда реал вазият ўрганилган ва намуналар олиниб лабаратория текширувлари ўтказилган. Натижада мурожаатларда келтирилган асоссиз айбловлар ўз исботини топмаган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан тизим корхоналарида атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратиш, табиатни асраш, замонавий технологияларни жориш қилган ҳолда, ишлаб чиқариш жараёнлари натижасида юзага келиши мумкин бўлган зарарли таъсирларни кескин камайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати


Сўнгги янгилаш санаси: 22.09.2023