“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар, истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди

// 27.11.2024 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (20.33 MB)

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар, истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти ҳамда  ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Матбуот анжуманида Жамиятнинг жорий йилдаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш, таннархни пасайтириш, ишга туширилаётган янги инвестицион лойиҳалар, экспорт кўрсаткичлари таҳлил қилинди. 

Маълумот учун: 2024-йилнинг 9 ойида товар маҳсулоти ҳажми 13,4 трлн сўмни, ўсиш суръати 107 фоизни ташкил этди, жами соф ҳолда 1,096 млн тонна минерал ўғитлар, шундан 847,3 минг тонна азотли, 87,7 минг тонна фосфорли ва 161,1 минг тонна калийли ўғитлар ишлаб чиқарилди, республиканинг 124 та туманида жами 275 та 1,7 млн тонна сиғимга эга минерал ўғит ваколатли омборлари ташкил қилинди, янги 5 та давлатлар  (АҚШ, Мексика, Перу, Бразилия, Чили) бозорлари ўзлаштирилиб, жами экспорт бозорлари 52 тага етди. Ҳисобот даври экспорт кўрсаткичида минерал ўғитлар улуши 58,3 фоизни, қолган 41,7 фоизи бошқа кимёвий маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келди.

Шунингдек, тармоқ корхоналарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, энерготежамкор лойиҳалар ишлаб чиқиш, маҳаллий тадбиркорлар билан амалга оширилаётган ишлар ва жаҳон брендларини жалб қилиш, “яшил” технологияларни жорий этиш тўғрисида батафсил маълумот берилди. 

Тадбир якунида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати
 


Сўнгги янгилаш санаси: 27.11.2024