“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан илм-фан ва кимё соҳасида аёлларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбир ўтказилди

// 10.02.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (46.81 MB)

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар” тўғрисида резолюцияда 11-феврал – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни деб эълон қилинган. 

Шу муносабат билан юртимизда 10-15-феврал кунлари “Илмли аёл - жамият кўзгуси” мавзусида илмий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда хотин-қизларнинг илмий салоҳиятларини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ҳафталигига старт берилди.

Ҳафталик доирасида жорий йилнинг 10-феврал куни Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети Тошкент шаҳридаги филиалида хотин-қизларни илм-фан ва кимё соҳасида қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар, фаол хотин-қизлар, шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари мутахассислари, бошқарув раиси маслаҳатчилари иштирок этишди. 

Учрашувда хотин-қизларнинг мамлакатимиз илм-фанида тутган ўрни, барқарор ривожланиш ва илмий тадқиқотларда уларнинг ролини ошириш  каби масалалар муҳокама қилинди. Панел сессияларида олима аёллар ўз тажрибалари ва ютуқлари билан ўртоқлашдилар. “Яшил кимё” ва ишлаб чиқариш жараёнларидаги инновациялар билан боғлиқ мавзулар, хотин-қизларнинг таълим ва илмий фаолиятдаги иштирокини фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, иштирокчилар интерактив сессияларда ҳам фаол иштирок этишди. Унда ёш олималар ва талабалар ўз тадқиқотлари, лойиҳаларини тақдим этдилар. Улар орасида биодизелнинг қиёсий таҳлили, катализаторларни қайта ишлаш бўйича тадқиқотлар, шунингдек, глютенсиз маҳсулотлар бозоридаги тенденсиялар таҳлили каби мавзулар ўрин олган.

Тадбир норасмий мулоқот, тажриба алмашиш ва янги профессионал алоқаларни ўрнатиш учун ажойиб имконият бўлди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати
 


Сўнгги янгилаш санаси: 11.02.2025