“Ўзкимёсаноат” АЖ Сеул шаҳрида бўлиб ўтган муҳим минераллар бўйича Ўзбекистон-Жанубий Корея бизнес-форумида иштирок этди
Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, “Ўзбекистон технологик металлар заводи” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши вакилларидан иборат делегациянинг Жанубий Кореяга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилди “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида мамлакатимиз делегацияси Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган муҳим фойдали қазилмалар бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форумида иштирок этди.
Унда “LG Ensol”, “Samsung SDI”, “SK On”, “Posco”, “TaeguTech”, "KHNP", “KOMIR”, “LX International”, “KCC Corporation”, “EcoBio” сингари йигирмадан ортиқ йирик компаниялар ҳамда Корея саноат технологиялари институти (KITECH), Корея геология ва минерал ресурслар институти (KIGAM) ва бошқалар қатнашди.
Ўзбекистон вакиллари ўз маърузаларида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, шунингдек, геология, металлургия ва кимё саноати соҳаларидаги аниқ лойиҳалар ҳақида сўзлаб беришди. “Ўзкимёсаноат” АЖ вакиллари ишлаб чиқарувчилар ва кимёвий маҳсулотлар етказиб берувчилар қўлланиладиган имтиёз ва преференсиялар ҳақида атрофлича маълумот беришди.
Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси маълумотига кўра, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ли Хохён билан мулоқотда Ўзбекистон – Корея Республикаси нодир металлар илмий-технологик маркази илмий ишланмаларини тижоратлаштириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жанубий Корея компаниялари билан ўтказилган икки томонлама музокараларда Ўзбекистонда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, “NEW&NEW” компанияси билан биргаликда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “Kumho P&B Chemicals” ва "Lotte Chemical" компаниялари билан билан кимё маҳсулотлари, “KCC Corporation” билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, “ЭcоБио” билан чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш, шунингдек, “Shindong Resources” билан “Sautbay” волфрам конини ўзлаштириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Жанубий Кореянинг Кимёвий менежмент ассоциацияси билан мамлакатимиз саноат салоҳияти билан танишиш учун йирик кимё компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати