
Ижтимоий тармоқларда минерал ўғитларни биржа орқали сотиб олишда қийинчиликлар юзага келаётгани, шунингдек, ўғитлар сунъий равишда ушлаб турилиб, нархларни ошириш мақсад қилингани ҳақида турли фикрлар тарқалмоқда. “Ўзкимёсаноат” АЖ бу борада қуйидагиларни маълум қилади.
Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги 6 та корхонада азотли, фосфорли ва калийли минерал ўғитлар ишлаб чиқарилади. 2026 йил учун ишлаб чиқариш прогнози 3,6 млн тонна режалаштирилган. Жорий йил январ-май ойларида 1,2 млн тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқарилган. Жумладан, 900 минг тонна азотли, 164 минг тонна фосфорли ва 144 минг тонна калийли ўғитлар ишлаб чиқарилди.
Ишлаб чиқариш жараёнлари тасдиқланган ишлаб чиқариш дастурлари асосида узлуксиз давом этмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини қисқартириш ёки минерал ўғитларни сунъий равишда омборларда ушлаб туриш ҳолатлари мавжуд эмас.
Жорий йил январ-июн (19 июн ҳолатига) ойларида 5,9 млн тонна минерал ўғитлар биржа савдоларига чиқарилиб, 1,4 млн тонна амалда харид қилинди.
Жорий йилнинг биргина июн ойининг бугунги санасига қадар 273,6 минг тонна азотли, 184,6 минг тонна фосфорли ҳамда 6,0 минг тонна калийли ўғит биржа савдоларига чиқарилиб, амалда 207 минг тонна азотли, 9,0 минг тонна фосфорли ҳамда 5,9 минг тонна калийли ўғит харид қилинди.
Шунингдек, жорий йил 19 июн ҳолатига корхоналарнинг ҳудудлардаги 302 та ваколатли (ижара) омборлари ҳамда технологик омборларида 177 минг тонна минерал ўғитлар қолдиғи мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати топшириғига кўра, 2025 йилдан бошлаб ғалла ва пахта етиштирувчи хўжаликлар учун Товар хом-ашё биржасидаги алоҳида махсус савдо майдончасида минерал ўғитларни 10% гача арзонлаштирилган ҳолда сотиш тизими жорий қилинган.
Бундан ташқари биржанинг алоҳида савдо майдончасида минерал ўғитлар бошланғич нархлари кўтарилиб кетишининг олдини олиш мақсадида савдоларда бошланғич нархга нисбатан ўсиш чегараси (Лимит Уп) энг кўпи билан 5 фоиз этиб белгиланган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, минерал ўғитларнинг ишлатилиши мавсумий характерга эгалиги ҳисобига талаб ва таклифдан келиб чиқиб, айрим пайтларда биржа савдоларида муайян турдаги маҳсулотларга бўлган талаб юқори бўлади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан қишлоқ хўжалигининг минерал ўғитларга бўлган эҳтиёжини ўз вақтида таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнлари доимий назоратга олинган.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати