
Бугун мамлакатимизда давлат иштирокидаги йирик корхоналар фаолиятида очиқлик ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жиҳатдан, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тармоқ корхоналарида харид тизимини такомиллаштириш, уни очиқ ва адолатли асосда ташкил этиш муҳим вазифалардан бирига айланган.
Харид жараёнлари кимё саноати корхоналари фаолиятида катта ўрин тутади. Ишлаб чиқариш учун зарур хомашё, асбоб-ускуна ва хизматлар ўз вақтида сифатли харид қилиниши корхоналарнинг барқарор ишлашига бевосита таъсир қилади. Шу боис, харид тизимида шаффофликни таъминлаш нафақат иқтисодий самарадорлик, балки жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш учун ҳам хизмат қилади.
Давлат харидлари жараёнини янада соддалаштириш ва уларни тўлиқ рақамлаштириш, ушбу соҳада жамоатчилик назорати ҳамда рақобат муҳитини янада кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектларининг иштирокини кенгайтириш бугуннинг талаби. Шу маънода «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида харидлар электрон платформалар орқали амалга оширилмоқда. Бу эса тендер ва танлов жараёнларида инсон омилини камайтириш, барча иштирокчилар учун тенг шароит яратиш имконини бераяпти. Харид режалари, танлов шартлари ва ғолиблар ҳақидаги маълумотларнинг очиқ эълон қилиниши очиқликни таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.
«Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари томонидан 2025 йилнинг 9 ойи давомида давлат харидлари йўналишида жами 3 872 та шартнома тузилган бўлиб, уларнинг барчаси амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилди. Бу эса ўз навбатида қонунийлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш, нарх-наво манипуляцияси ва бошқа суистеъмолчиликларга йўл қўймаслик имконини берди.
Очиқ ва рақобатли харидлар натижасида корхоналар сифатли маҳсулотларни мақбул нархларда харид қилиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга ва маҳсулот рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам харид жараёнларида иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Давлат харидлари тизими жамият ва иқтисодиёт учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг шаффофлиги давлат маблағларининг самарали сарфланишини таъминлайди. Халқаро тажрибага кўра, давлат харидларининг самарали бошқарилиши коррупциянинг олдини олишда ва бюджет маблағларини оқилона тақсимлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Албатта, ҳар қандай тизимда харид жараёнларида айрим камчиликлар учраб туриши мумкин. Аммо бу борада ички назорат ва аудит механизмларини кучайтириш, соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг малакасини ошириш орқали муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарида харид тизимини очиқ ва шаффоф асосда ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар иқтисодий самарадорликни ошириш, коррупцияга қарши кураш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса албатта, кимё саноати тармоғининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Олим Расулов
Ғазначилик операциялари ва харидлар бўлими бошлиғи