“Ўзкимёсаноат” АЖ иқтисодиётимизнинг стратегик тармоқларидан бири бўлган тоғ-кон саноати учун кимёвий реагентларни маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўймоқда

// 08.09.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (334.15 KB)

Тоғ-кон саноати учун импорт орқали олиб кирилаётган кимёвий маҳсулотларни ўзлаштириш масалалари юзасидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда “Ўзкимёсаноат”АЖ мутахассислари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда тоғ-кон саноати эҳтиёжлари учун талаб этиладиган кимёвий маҳсулот ва реагентларнинг импортини қисқартириш, уларни маҳаллий ишлаб чиқариш асосида ўзлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Томонлар 2025-2028-йилларда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида инновация, диверсификация ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали маҳаллий корхоналар ва технопарклар негизида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятларини кўриб чиқдилар. 


Йиғилишда қатор муҳим маҳсулотларни “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари негизида маҳаллийлаштириш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.

Хусусан, праестол 2500 ва 854-Олтин сақловчи маъданни қайта ишлаш жараёнида қуюлтириш жараёнини кучайтириш учун фойдаланиладиган асосий кимёвий реагент, тиомочевина-Олтин таркибидаги маъданларни қайта ишлаш жараёнида ион алмашинадиган қатронлардан олтинни десорбсиялаш жараёнида қўлланиладиган асосий кимёвий реагент ҳамда рудани бойитишда фойдаланиладиган натрий сианид (қуруқ туз) шулар жумласидандир. 

Шунингдек, калсий ва рух нитратлари, кўпинча полиметалл рудалари ва концентратларидан (мис, рух, олтин) қимматбаҳо металларни ажратишда ишлатиладиган натрий гидросулфид (NaHS), олтинни уюмда ишқорлаш жараёнида эритмадан олтинни чўктириш учун фойдаланиладиган қўрғошин нитрати каби маҳсулотларни маҳаллийлаштириш юзасидан фикрлашиб олинди. 

Учрашув якунида ишчи гуруҳ тузиш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини яқиндан ўрганиш, маҳсулотларни лаборатория ва саноат синовларидан ўтказиш, сертификатлаш ва амалиётга жорий этиш босқичларини қамраб олган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати
 


Сўнгги янгилаш санаси: 08.09.2025