Жорий йилнинг 16-17-октябр кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги "Оқ қуш" мажмуасида Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилмоқда. Ушбу муҳим тадбир саноат соҳасидаги йирик тармоқ корхоналари ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги инвестиция ва лойиҳаларни режалаштиришга қаратилган. Ярмарканинг асосий мақсадлари — республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида кенг қамровли ахборот бериш, тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, янги шартномалар имзолаш ва маҳаллийлаштириш бўйича келишувларга эришишдир. Шунингдек, ярмарка импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакат саноатини рақобатбардошлик жиҳатдан янада ривожлантиришга хизмат қилади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналари ҳам ярмаркада ўз маҳсулотлари, инновацион технологиялари ва инвестиция лойиҳалари билан иштирок этмоқда. Жамият ҳудудий тармоқлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва маҳаллийлаштириш йўлида муҳим қадамларни амалга оширмоқда.
Ярмарка давомида табиий ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, нефт-кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мебелсозлик, электр-энергетика ва электротехника саноати соҳаларидаги корхоналар ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун янги имкониятлар яратилиши, уларнинг саноатга интеграцияланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Умуман олганда, мазкур ярмарка мамлакатнинг саноат салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлиб, ҳудудлар иқтисодиётини янада ривожлантиришга имкон яратади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати