“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси “Янги Ўзбекистон” университетининг Кимё ва материалшунослик муҳандислиги йўналиши талабалари билан учрашди.

// 03.03.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (12.64 MB)

“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси “Янги Ўзбекистон” университетининг Кимё ва материалшунослик муҳандислиги йўналиши талабалари билан учрашди.

Юртимизда кимё саноати соҳасини ривожлантириш, бўлажак мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган ушбу учрашувда университетда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, янги грант дастурларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Бошқарув раиси соҳани янада ривожлантириш учун малакали кадрлар тайёрлаш муҳимлиги, бу жараёнда олий таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади, талабалар билан кимё ва материалшунослик саноатидаги замонавий тенденсиялар борасида фикр алмашиб, Жамият тармоқ корхоналарининг иш тажрибаси билан ўртоқлашди.

Шунингдек, хорижий олийгоҳлар билан ташкил этиладиган алмашинув дастурларини моддий қўллаб-қувватлаш, университетда илмий лабораторияларни очишда ҳамкорлик қилиш юзасидан келишиб олинди. 

“Ўзкимёсаноат” АЖ “Янги Ўзбекистон“ университети билан Кимё ва материалшунослик муҳандислиги йўналишида таҳсил олаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш доирасида кўплаб лойиҳаларни амалга оширган. Жумладан, 2023-йилда 5 нафар талабанинг АҚШнинг Далласдаги Техас университетига 4 ҳафталик қисқа амалиёт харажатлари жамият томонидан қоплаб берилган. 

Бу каби учрашувлар таълим муассасалари ва саноат корхоналари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишда муҳим қадам бўлиб, ёш мутахассисларнинг касбий ўсиши учун мустаҳкам замин яратади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати
 


Сўнгги янгилаш санаси: 03.03.2025