«Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари томонидан 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига тайёргарлик учун 2,4 млрд. сўм ҳомийлик маблағлари йўналтирилди

// 15.12.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (372.21 KB)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида» ПҚ-5281-сон ҳамда 2022 йил 14 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини навбатдаги ёзги ва қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш учун тайёргарлик қилиш ишларини жадаллаштириш тўғрисида» ПҚ-127-сон қарорлари ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2022 йил 20 апрелдаги 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича Республика комиссияси 3-сон йиғилиш баёнининг 3-иловасига кўра «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан Ўзбекистон спортчиларига зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2,4 млрд. сўм ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш белгиланган.

Бугунги кунда «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари томонидан юқорида таъкидланган 2,4 млрд. сўм ҳомийлик маблағлари белгиланган муддатларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳисоб рақамига тўлиқ ўтказиб берилди.  Ажратилган мазкур ҳомийлик маблағлари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан тегишли талабномалар асосида спортчиларимизнинг 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришлари учун юртимиз ва хорижда ўқув-машғулот йиғинларини самарали ташкил этиш, замонавий спорт инвентарлари билан таъминлаш ва барча зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида спорт федерацияларига йўналтирилмоқда. Шу билан бирга, спорт федерацияларига ўтказилган маблағлар ҳақида маълумотлар мунтазам равишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси расмий веб-сайтидаги Очиқ маълумотлар рукнида эълон қилиб келинмоқда.

«Ўзкимёсаноат» АЖ ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда спортни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишга алоҳида эътибор қаратади.

 

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати