Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 13 февралдаги ПҚ–4992-сон қарорига мувофиқ «Ўсимликларни ҳимоя қилишга мўлжалланган воситалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган бўлиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан ўтказилган музокаралар ва ўрганишлар натижасида, ушбу йўналишда етакчилардан ҳисобланган Ҳиндистоннинг «IPL Biologicals Limited» компанияси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
2023 йилнинг 30 май куни «Ўзкимёсаноат» АЖда Ҳиндистоннинг «IPL Biologicals Limited» компанияси билан ҳамкорликда “UzIPLBiologicals Limited” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонани ташкил этиш бўйича тегишли ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаб ўтиш лозим, «Ўсимликларни ҳимоя қилишга мўлжалланган воситалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш долзарблиги ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Биомоддалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уни амалиётга тўғри жорий қилиш натижасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда самарали натижаларга эришилади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, «IPL Biologicals Limited» хусусий компания бўлиб, бош офиси Нью-Деҳли шаҳрида жойлашган. Компания 1994 йилдан буён табиий микроорганизмларга асосланган экинларнинг чидамлилигини бошқаришда тупроқ саломатлиги, ҳосилдорлик ва сифатни яхшилашга қаратилган биологик маҳсулотларни ички лаборатория тадқиқотлари орқали ишлаб чиқади. «IPL Biologicals Limited» компанияси 50 турдан ортиқ маҳсулот портфелига эга бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари касаллиги ва зараркунандаларга қарши кураш, ўсимликларнинг озиқланиши ва тупроқни бошқариш соҳаларида етакчи корхоналардан биридир.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати