Хитой, Жанубий Корея ва Япониядаги йирик ишлаб чиқарувчилар 2027 йилгача эскирган пиролиз қурилмаларини ёпишни режалаштирмоқда. Бу минтақада этилен ишлаб чиқариш қуввати йилига 13,5 миллион тоннага қисқаришини англатади. Ушбу миқдор жаҳон ишлаб чиқариш ҳажмининг тахминан 8% ни ташкил этади.
Shinyoung Securities таҳлилчилари маълумотларига кўра, энг катта қисқартиришлар Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда 20 йилдан ошган қурилмалар ва йилига 300 минг тоннагача ишлаб чиқариш қувватига эга объектлар фаолиятдан чиқарилиши мумкин. Жанубий Кореяда эса компаниялар этилен ишлаб чиқаришни 25% га камайтиришга келишиб олган, Япония эса 2028 йилга қадар ишлаб чиқаришни яна 2,4 миллион тоннага қисқартиришни мақсад қилган, деб ёзади The Korea Economic Daily.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қувватларни консолидация қилиш (бирлаштириш ва қисқартириш) ушбу соҳа учун янги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Чунки охирги ўн йилликда бу тармоқ ортиқча ишлаб чиқариш ва паст маржа муаммосидан азият чеккан. Бозордаги мувозанатни қатъийлаштириш LG Chem ва Lotte Chemical каби йирик ишлаб чиқарувчилар учун яқин йилларда даромадлиликни тиклашга хизмат қилиши мумкин.
Аввалроқ S&P томонидан берилган прогнозда, Осиё бозорида олефинлар таклифи ортиғи яна уч-тўрт йил давом этиши айтилган эди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати