
Шанхай шаҳрида ўз ишини бошлаган 8-Хитой халқаро импорт кўргазмаси (CIIE 2025) доирасида Ўзбекистон Миллий стенди ўзининг бой саноат салоҳияти, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва амалий санъат намуналарини кенг жамоатчиликка тақдим этмоқда. Ушбу йирик халқаро кўргазма – дунёнинг энг нуфузли савдо майдонларидан бири бўлиб, унда кўплаб давлат ва минтақаларнинг компаниялари, шунингдек, минглаб йирик халқаро брендлар ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш қилмоқда.


Мазкур нуфузли халқаро тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда “Ўзкимёимпех” МЧЖ вакиллари фаол иштирок этиб, Ўзбекистон кимё саноатининг экспорт салоҳияти, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ва халқаро ҳамкорлик йўналишларидаги имкониятларни хорижий ҳамкорларга таништирмоқда. Ушбу иштирок Ўзбекистоннинг глобал савдо тизимига фаол интеграциялашуви, миллий маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, янги инвестициялар ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдаги муҳим қадамлардан биридир.


10 ноябрга қадар давом этадиган тадбир доирасида Ўзбекистон стенди кўплаб халқаро иштирокчилар ва меҳмонлар эътиборини тортиб, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини муносиб тарзда акс эттирмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати