“Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси О.Темиров “Навоийазот” АЖда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди

// 07.10.2019 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (143.21 KB)

Ташриф аввалида Бош пудратчи вакиллари билан каустик сода, ацетилен, ВХМ ва ПВХ ишлаб чиқаришларининг ишга тушириш-созлаш ҳамда фойдаланишга тошириш ишларига тайёрлик ҳолатлари масалалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Бош пудратчининг масъул вакили объектлардаги жорий вазият ва уларнинг ишга тушириш-созлаш ишларига тайёргарлик ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди. Ацетилен ишлаб чиқариши технологияси лицензиари вакиллари ҳамда Буюртмачи вакиллари билан биргаликдаги носозликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган яқин ҳамкорлик ишлари тўғрисида таъкидлаб ўтилди. Жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида қурилиш майдончасига каустик сода, ацетилен, ВХМ ва ПВХ ишлаб чиқаришлари қурилмалари етказиб берувчиларининг келиши маълум қилинди.

Шунингдек, ацетилен ишлаб чиқариши жорий фаолияти ҳамда “MAN” компанияси компрессор қурилмалари етказиб берувчиси қисми бўйича ишга тушириш-созлаш ишлари билан боғлиқ бир қатор муаммоли масалалар тилга олинди.

Бошқарув раиси томонидан барча масалалар бўйича тавсиялар ва уларнинг тезкор ечими бўйича топшириқлар берилди.

Куннинг иккинчи ярмида каустик сода, ацетилен, ВХМ, ПВХ ва метанол ишлаб чиқариш қурилмалари ишлаш технологиялари атрофлича ўрганилди ҳамда цех бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларининг маълумотлари билан танишиб чиқилди.

Ташрифининг иккинчи кунида бошқарув раиси томонидан “Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариши мажмуи қурилиши” ҳамда “Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариши қурилиши” лойиҳалари қурилиш майдончалари ҳудуди кўздан кечирилди.

Ушбу кунда цехларнинг барча ишчи ҳужжатлари (регламентлар, иш жойлари бўйича йўриқномалар ва бошқалар) кўриб чиқилди. Уларни рўйхатга кўра тўлдириш ва иш жойларида технологик чизмали йўриқномалар мавжудлигини таъминлаш юклатилди.

Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг марказий бошқарув пункти биносида операторларнинг технологик ходимлари ва ТЖБАТ муҳандислари билан суҳбат ўтказилди. Сўров натижаларига кўра, ишлаб чиқаришни бошқариш тизимини обдон ўрганиш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Каустик сода, ацетилен, ВХМ ва ПВХ ишлаб чиқаришларини  ишга тушириш-созлаш ишларининг тузатилган жадвали ҳамда уларни фойдаланишга топширишни кўриб чиқиш бўйича Бош пудратчи вакили билан ишчи йиғилиш ўтказилди. Кўриб чиқиш натижаларига кўра, мувофиқ топшириқлар ҳамда ишни тезлаштириш учун тавсиялар бериб ўтилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати