"Навоийазот" АЖ жамоасига байрам табриги

// 15.11.2024 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1.58 MB)

Бугун мамлакатимиз кимё саноатининг энг йирик қувватларидан бири бўлган «Навоийазот» Акциядорлик жамияти ташкил топганлигининг 60 йиллиги кенг нишонланмоқда. 

Ўзининг шонли 60 йиллик тарихи давомида «Навоийзот» АЖ йилдан йилга ривож топди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури кўпайди, дунёнинг йирик компаниялари билан янги инвестицион лойиҳалар ишга туширилди, жамиятда фидоий кимёгарлар, ўз касбининг моҳир усталари жамоаси кенгайди.  Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг деярли барча қитъаларига етиб бормоқда! Буларнинг барчаси «Навоийазот» АЖни мамлакатимиз кимё саноатининг таянчига айлантирди, десам муболаға бўлмайди. 

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси ва иштирокида «Навоиязот»да амалга оширилган 2 миллиард доллардан зиёд 3 та йирик лойиҳа, нафақат корхона фаолиятида, балки кимё саноати тарихида кузатилмаган воқеа ҳисобланади. Тармоқда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 70 га яқин тури, кимё маҳсулотларининг 41 фоизи айнан мазкур корхона ҳиссасига тўғри келади. «Навоийазот» АЖ ўз маҳсулотлари билан тоғ-кон саноати, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-энергетика комплекси, текстиль саноати, шунингдек, хизмат кўрсатиш, фан, маданият, таълим соҳаларининг деярли барча тармоқларини қамраб олган ва барча йўналишларнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 

Шу муносабат билан корхонанинг кўп минг сонли кимёгарлар жамоаси ва меҳнат фахрийларини, корхона ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган барча касб фидоийларини ушбу тарихий сана билан «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда тармоқ корхоналарининг катта жамоаси номидан чин қалбдан табриклайман!

Олдимизга қўйган улкан марраларни забт этишда, халқимизнинг фаровон турмуши, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда ҳисса қўшишда «Навоийазот» АЖнинг салоҳиятли ва аҳил жамоасига шижоат ва ғайрат, корхонанинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилайман!

Ҳурмат билан, 
Тимур Мухамеджанов
«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати
 


Сўнгги янгилаш санаси: 15.11.2024