«Навоийазот» АЖ ташкил топганлигининг 60 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

// 15.11.2024 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (985.71 KB)

Бугун Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройида "Навоийазот” АЖ ташкил топганлигининг 60 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, юртимизнинг турли ҳудудлари ва хориждан келган меҳмонлар иштирок этишди.

Дастлаб жамиятнинг тарихи ва бугунги кундаги ижобий ўзгаришларни акс эттирган видеоролик намойиш этилди. Йиллар давомида босқичма-босқич эришилган ютуқлар, бу йўлда фидокорона меҳнат қилган фахрийлар ва корхона собиқ раҳбарларининг ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.

Шонли сана муносабати билан кимёгарлар ва соҳа вакилларини вилоят ҳокими Нормат Турсунов, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Тимур Мухаммеджанов, НКМК АЖ бош директори Қувондиқ Санақулов ҳамда «Навоийазот» АЖ бошқаруви раиси Фаррух Самадовлар муборакбод этишди. 

Таъкидлаш жоиз, юртимиз кимё саноати драйвери ҳисобланган корхонанинг ҳозирда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 414,3 млн долларни ташкил этаётгани, 80 турдан ортиқ кимёвий маҳсулот ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарилиши, 25 дан зиёд асосий ва 20 дан ортиқ ёрдамчи цехлар фаолият юритиши таъкидланди. 2024 йилда давлат буджетига 617 млрд. сўм тўлов амалга оширилиб, йиллик даромад 5,9 трлн. сўм, экспорт ҳажми эса 103 млн. долларни ташкил этди. Қувонарлиси, корхона халқаро барқарор кредит рейтингини қўлга киритди. Бу эса янги лойиҳалар учун кенг имконият эшикларини очди.  Ўзбекистондаги кимёвий маҳсулотлар ҳажмининг 30 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарадиган «Навоийазот» акциядорлик жамияти деярли барча саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-энергетика комплекси эҳтиёжларини қоплайди. Корхонанинг экспорт имкониятлари ҳам йилдан йилга ортиб бораётгани эътироф этилди. Агар 2023 йилда экспорт ҳажми 55,5 млн. долларни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 69,3 млн. долларга етди. Бу эса 24 фоизга ўсишни кўрсатади. Аммиак селитраси, карбамид, ПВХ, суюқ хлор, аммоний хлориди сингари 20 га яқин маҳсулот тури экспорт қилинмоқда.

Тантанали тадбирда корхонадаги фаолияти ҳамкасбларига ўрнак бўлган, билими, тажрибаси, касбий маҳорати билан фаоллик кўрсатган бир гуруҳ кимёгарлар, соҳа вакилларига вилоят ҳокимлиги, «Ўзкимёсаноат»АЖ, «Навоийазот» АЖнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.

"Навоийазот" АЖ Матбуот хизмати

 


Сўнгги янгилаш санаси: 15.11.2024