“Мустақиллик тўйи” фестивали ва “Мустақиллик кубоги” мусобақалари якунланди

// 21.08.2026 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (11.79 MB)

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ўзкимёсаноат” АЖ ташаббуси асосида Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида тармоқ корхоналари ходимлари ўртасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида “Мустақиллик тўйи” фестивали ҳамда “Мустақиллик кубоги” спорт мусобақалари ташкил этилди.



Тўрт кун давомида ўтказилган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимиз мустақиллигининг тарихий аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, тармоқ корхоналари ходимлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, уларнинг спорт ва маданий тадбирлардаги фаол иштирокини рағбатлантиришдан иборат бўлди.



“Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида тармоқ корхоналарида кўп йиллар самарали меҳнат қилган меҳнат фахрийлари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ҳамда “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари ўтказилди. Мулоқотлар давомида корхоналарда шаклланган меҳнат анъаналари, соҳадаги бугунги ўзгаришлар ва ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр алмашилди.



Фестивал билан бир қаторда “Мустақиллик кубоги” доирасида волейбол, стол тенниси, мини-футбол, баскетбол ва гандбол спорт турлари бўйича қизғин баҳслар ташкил этилди. Унда тармоқ корхоналаридан жамланган жамоалар иштирок этиб, ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва жамоавий ҳаракатларини намоён этдилар.



Спорт мусобақалари иштирокчилар учун нафақат ўз маҳоратларини синовдан ўтказиш, балки турли корхоналар вакиллари билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим майдон бўлди.


Тадбирларнинг якуний қисмида мусобақаларда фаол иштирок этган ходимлар ҳамда ғолиб ва совриндор жамоалар эсдалик совғалари ва муносиб тақдирловлар билан рағбатлантирилди.


 


Сўнгги янгилаш санаси: 21.08.2026