“Ўзкимёсаноат” АЖ минерал ўғитларни етказиб бериш борасида фермер ва деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорликда фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, минерал ўғитларни биржадан сотиб олиш тартибини фермерларга тушунтириш, брокерларга қандай мурожаат қилиш, минерал ўғитларни биржа савдолари орқали сотиб олиш, тикетни корхонага етказиш ёки ушбу тикет орқали омборхонадан юклаш хизматлари тизими ва тартиби тушунтириб борилмоқда.
Натижада жорий йилнинг биринчи чорагида биржа савдоларига физик ҳолда жами 2,6 млн тонна, шундан 2,0 млн тонна азотли, 224,5 минг тонна фосфорли ва 94,5 минг тонна калийли ўғитлар савдога қўйилган бўлиб, амалда 711,6 минг тонна 2283,5 млрд сўмлик ёки 27,6 фоиз, жумладан 560,0 минг тонна азотли, 89,5 минг тонна фосфорли ва 62,0 минг тонна калийли ўғитлар харид қилинди.
Давлатимиз раҳбари раислигида қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан минерал ўғитларни етказиб бериш йўналишида қатор топшириқлар берилган эди.
Бу борада фермер хўжаликларига қулайликлар яратиш мақсадида кимё корхоналари томонидан жами 275 та 1,7 млн тонна сиғимга эга минерал ўғит ваколатли омборлари ташкил қилиниб, минерал ўғитлар ушбу омборлардан биржа савдоларига қўйиб борилди.
Шунингдек, биржа савдоларига минерал ўғитларнинг бошланғич нархларидан ўртача 10% гача пасайтириб харид қилиш ауцион тартибида савдога қўйиш механизми ишлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024-йилдан бошлаб жойлардаги омборлардан минерал ўғитни ташишда транспортни логистика порталида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинган.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати