Жорий йилнинг 21 октябрь куни “Ўзкимёсаноат” АЖда Жамият Комплаенс хизматининг III чорак якунлари юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти, департамент, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, шу билан бирга Жамият тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирок этишди.
Хабарингиз бор, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцион омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Жумладан, коррупцияга қарши курашиш мақсадида Комплаенс назорат тизими “Навоийазот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Аммофос-Максам” АЖ, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖ, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ, “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ, “Ўзкимёимпекс” МЧЖ ва “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚКларида ўз фаолиятини юритмоқда.
Шунингдек, барча тармоқ корхоналарида “Коррупцияга қарши сиёсат”, “Хизмат одоби кодекси”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” каби 10 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди ва ўрнатилган тартибда барча ходимларга таништириш ва тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳисобот даврида кимё саноати корхоналарида коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш, ўғрилик, талон-тарож қилиш, корхона ва давлат мулкларини ўзлаштириш ва таъмагирлик ҳолатларига чек қўйиш мақсадида жами 15 та хизмат суриштируви ўтказилди, натижалари бўйича тегишли хулосалар тайёрланди ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Натижада 5 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди, 8 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 36 нафар масъул ходимларга нисбатан турли хилдаги интизомий жазолар (ҳайфсан, огоҳлантириш ва ҳ.к) қўлланилди,
22 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарима ундирилди, 9 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқ тартибот органларига юборилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 3-чораги давомида кимё саноати корхоналари тизимда аниқланган коррупцион ҳаракатлар, корхона маблағларининг талон-тарож қилиниши оқибатида, жами бўлиб 1,2 млрд.сўмлик товар моддий бойликлари камомади аниқланган. (2021 йилнинг 3-чорагида товар моддий бойликлари ва минерал ўғитлар камомади, жами 7,5 млрд. сўмни ташкил қилган.)
Ҳисобот даврида тизим корхоналарида харидлар жараёнининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларни “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ ўтказилиши натижасида, жами бўлиб 3,1 млрд.сўмлик пул маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олиниб, иқтисод қилинди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” талабларига мувофиқ хизмат вазифасига кўра коррупциявий хавф-хатарлар эҳтимоли юқори ва ўрта бўлган 4047 нафар ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги декларациялар тўлдирилди.
Тўлдирилган декларациялар таҳлил қилинганда, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 51 та масъул ходимларда манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги, 37 та ҳолатда эса эҳтимолий (потенциал) манфаатлар тўқнашуви ҳолати мавжудлиги аниқланди, 2021 йилнинг мос даврида фақатгина 12 та ҳолат аниқланган.
Ўтган йилнинг мос даврида кимё саноати корхоналарида 32 та профилактик тадбирлар ўтказилган бўлса, жорий йилнинг ҳисобот даврида 204 та семинар ва профилактик тадбирлар ўтказилган. Шунингдек, тармоқ корхоналарида харидлар жараёнида иштирокчиларнинг ўзаро тил бириктиришлари, рақобат муҳитини чеклашга уриниш ҳамда балл қўйишда баҳолаш мезонларига нохолис ёндашувларни бартараф этилиши натижасида, жами 29,1 млрд.сўмлик шартномаларнинг тузилиши рад этилиб, аниқланган манфаатлар тўқнашувига чек қўйилди.